Сурияга қарши илк ҳаво ҳужумлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Араб давлатларини ҳам ўз ичига олган АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция Сурияга қарши илк ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

Пентагоннинг расман билдиришича, ҳужум чоғида "Исломий Давлат" жиҳодий гуруҳининг Суриядаги мавқеълари нишонга олинган.

Хабарларга кўра, ҳаво ҳужуми чоғида қирувчи учоқлар ва "Томагавк" русумидаги ракеталар ишга солинган.

Бундан аввал АҚШ Президенти Барак Обама "Исломий Давлат" гуруҳини "яксон этиш"га ваъда берганди.

Сўнгги ҳаво ҳужумлари шу йўлда қўйилган илк қадамлар бўлиши кутилмоқда.

Шу йил август ойидан буён АҚШ гуруҳнинг Ироқдаги мавқеъларига қарши 190 та ҳаво ҳужуми уюштирган.

Аммо душанба кунги ҳужум ҳарбий амалиётларнинг Сурия чегаралари бўйлаб кенгайганига далолат қилади.

Тафсилотлар йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сурияга қарши илк ҳаво ҳужумлари уюштирилганини тасдиқлаган Пентагон тафсилотларга тўхталмаган.

"Амалиётлар давом этаётгани боис, биз қўшимча маълумот бериш ҳолатида эмасмиз", - дейилади уларнинг бу хусусдаги расмий баёнотида.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, ҳужумлар Сурия ҳукуматининг расмий рухсатисиз амалга оширилган.

Бироқ, Пентагонга кўра, расмий Дамашқ ўз режалари хусусида аввалдан огоҳлантирилган.

Би-би-си таҳлилчиси Жон Сопелнинг айтишича, бу ишга араб давлатларининг ҳам бош қўшишгани катта аҳамиятга эга.

Унга кўра, бу - ҳозирча биринчи қадам.

Пентагон "Исломий Давлат"ни биргина ҳаво ҳужумлари билан яксон этиб бўлмаслигини билади.

Бу масалада энг муҳими - Озод Сурия Армиясини қуроллантириш ва тайёргарликдан ўтказиш, дейди Би-би-си шарҳловчиси.

Унинг айтишича, тез орада янги ҳаво ҳужумларида кимлар иштирок этгани ва айнан нималар нишонга олингани маълум бўлади.

Аммо, хабарларга кўра, аксарият ҳужумлар Суриянинг Раққа вилоятига қаратилган.

Раққа "Исломий Давлат" гуруҳининг Сурия шарқидаги асосий таянч нуқтаси саналади.

Гуруҳ ушбу вилоятни 2013 йилда босиб олган.

Бошқа манбалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сурия Инсон Ҳуқуқлари Кузатув гуруҳининг тахминларига кўра, иккита ҳаво ҳужумининг ўзида Раққада 20 дан зиёд жангари ўлдирилган.

Гуруҳ вилоятда бўлган фаолларига таяниб, бу хусусда хабар тарқатган.

АҚШ матбуотига кўра, янги ҳаво ҳужумларида Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам иштирок этишган.

Иордания эса, бу ишга бош қўшганини ўзи тасдиқлаган, аммо ортиқча тафсилотларга тўхталиб ўтирмаган.

Таҳлилчиларга кўра, Саудия Арабистони каби аксарият аҳолиси сунний мусулмон бўлган давлатларнинг АҚШга кўмак беришаётгани алоҳида аҳамиятга молик.

Чунки "Исломий Давлат" гуруҳи аъзоларини ўта мутаассиб сунний мусулмон бўлган жиҳодчилар ташкил этишади.

Улар ўзларини ҳақиқий диндорлар, деб ҳам санашади.

Сурия Ироқ эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Вашингтонда бўлган Би-би-си мухбири Плетт Ашернинг айтишича, Суриядаги ҳаво ҳужумлари Ироқдагисидан фарқ қилади.

Чунки "Исломий Давлат"га қарши курашда ёрдам беринг, деб АҚШни Ироқ ҳукуматининг ўзи таклиф қилган.

Сурия ҳукумати эса, бу ишга расман рухсат бермаган.

Мухбиримизга кўра, бу - АҚШ бир араб давлатини унинг розилигисиз бомбалаганини англатади.

Сурия Ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, бўлажак ҳаво ҳужумлари ҳақида фақат Бирлашган Миллатлар қошидаги элчилари огоҳлантирилган.

АҚШ ва унинг Буюк Британия дохил иттифоқчилари "Исломий Давлат"га қарши курашда президент Башар ал-Ассад билан ҳамкорлик эҳтимолини назардан соқит этишган.

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим ўтган ой АҚШ томонининг ҳар қандай ўзбошимча амалини "босқинчилик" сифатида қабул қилишларини айтганди.

Аммо Сурия ҳукуматига мухолифатдаги гуруҳлар ҳаво ҳужумларини хуш қаршилашган.

Экстремизмни биргина ҳужумлар билан енгиб бўлмаслиги, муътадил, кенг қамровли ҳукумат муаммонинг узоқ муддатли ечими бўлишини таъкидлашган.

Исломий Давлат

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Америка Жосуслик Хизматининг янги ҳисоб-китобларига таянилса, бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ Ироқ ва Сурияда жаъми 31.000 жангарисига эга.

Бу эса, аввал хаёл қилинганидан уч баробарига кўп деганидир.

Янги рақамлар Америка Жосуслик Хизматининг ўтган тўрт ой ичида қўлга киритган маълумотларига асосланади.

"Исломий Давлат" ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги катта ҳудудларни босиб олган.

Яқинда ўз назорати остидаги минтақаларда исломий халифат эълон қилган.

Қатор ғарблик журналист ва ёрдам ходимларини асирга олган.

АҚШ ҳаво ҳужумларига жавобан, икки америкалик журналист ва британиялик ёрдам ходимининг бошини танасидан жудо қилган.

Ироқдаги сунний бўлмаган мусулмонлар ва бошқа дин вакилларини қатағон қилишни бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ