БМТ: Украинада ўлганлар сони 3500дан ошди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина шарқидаги қуролли можарода ўлганлар сони 3500 одамдан ошган. Бу ҳақида БМТ бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Иван Шимонович билдирган. Мазкур кўрсаткич MH17 парвози қурбонларини ҳам ўз ичига олади.

Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мажлисида чиқиш қила туриб жаноб Шимонович апрель ойидан бери ҳалок бўлганлар сони ҳозирда 3543 эканини айтди.

Айни дамда, унинг айтишича, мазкур чамалашлар ҳозирда қурбонлар борасида мавжуд бўлган ишончли маълумотга асосланган, бироқ можаро қурбонларининг асл кўрсаткичи бундан анча юқорироқдир.

Икки ҳафта аввал жаноб Шимонович қурбонлар сони 3000 киши эканини айтганди. Бу кўрсаткич ҳарбий тўқнашувларнинг иштирокчилари ва тинч аҳоли вакилларини ҳам ўз ичига олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Душанба куни украин ҳарбийлари ўз оғир қуролларини мамлакат шарқидаги уруш чизиғидан 15 чақиримга ортга қайтаришга тайёрланаётганларини айтгандилар.

Украина шарқида икки томон ўртасида буфер ҳудудини ўрнатиш ва оғир артиллерияни ортга қайтаришга Минскда 20 сентябрда имзоланган меморандумда келишилган.

Шунингдек, бу меморандумга биноан, Украина ҳудудидан барча хорижий ёлланма жангчилар чиқиб кетишлари керак.

Your contact details
Disclaimer