Президент Порошенко ўз ислоҳотлар режасини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи other

Ўз лавозимига киришган июн ойидан буён ўтказган биринчи йирик матбуот анжуманида Украина Президенти Пётр Порошенко мамлакатини Оврўпо Иттифоқига аъзо қилиш мақсади кўзланган ислоҳотлар режасини эълон қилган.

Ислоҳотлар дастури "Стратегия-2020" деб номланган.

Президент Порошенко сўзларига кўра, Украинанинг қаршисида фақат икки йўл бор: ё ислоҳотларни амалга ошириб Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлиб кириш ёки "Россия билан юзма-юз қолиш".

"Оврўпо Иттифоқининг эшиклари биз учун очиқ, бунга менинг ишончим комил. Киев ва Брюсселдаги ҳодисалар биз тез орада Оврўпо Иттифоқига аъзоликни қўлга киритишимизга қаттиқ умид, ишончни берди. Бу эшикни тақиллатишга бизнинг тўла ҳақимиз бор", деб айтди Киевдаги матбуот анжуманида Президент Порошенко.

Украина президенти тақдим қилган дастур 60 йўналишда ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этади.

Президент Порошенко улар орасида саккизта йўналиш ўта муҳим эканлигини айтган.

"Бизнинг устувор йўналишларимиз: биринчи - аксилкоррупция ислоҳотлари, ҳокимият ва бюрократик аппаратни янгилаш. Биринчи - суд тизими ислоҳоти. Биринчи - ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ислоҳоти. Биринчи - децентрализация ва давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш. Биринчи - солиқ ислоҳоти. Биринчи - тадбиркорликда давлат бошқарувидан воз кечиш ва тадбиркорликни ривожлантириш. Биринчи - хавфсизлик ва мудофаа тизими ислоҳоти", деб айтган Президент Пётр Порошенко.

Президент Порошенко сўзларига кўра, Украина шарқидаги ҳарбий амалиётларнинг энг қизғин палласи ортда қолди, унинг ўзи илгари сурган тинчлик режаси аста-секин кучга кириб бораяпти.

Украина президенти яқин уч ҳафта ичида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашишини маълум қилган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ