Ҳусни Муборакнинг қайта очилган маҳкамаси кечиктирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборакка қарши 2011 йил ғалаёнида намойишчиларни ўлдириш ва порахўрлик айбловлари билан қайта очилган маҳкама ишида ҳакам қарори кечиктирилган.

Саксон олти ёшли жаноб Муборак ўз ўғиллари ва собиқ вазири билан маҳкамага тортилган. Ҳакам қарори 29 ноябргача кечиктирилган.

У 2012 йилда айбдор деб топилиб бир умрлиқ қамоқ жазосига ҳукм этилганди, бироқ техник сабабларга кўра, мазкур ҳукм бекор қилинган.

Ҳусни Муборак ғалаён ортидан ағдарилишидан аввал Мисрни 30 йил давомида бошқарган.

У мамлакат бўйлаб юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган нотинчликлар ортидан истеъфога чиққан.

Ҳозирги маҳкама иши 2013 йил апрелида очилган ва бир неча марта кечиктирилган.

Август ойида Муборак жанобларининг маҳкамадаги нутқи Миср телевидениеси орқали узатилишига рухсат берилган.

Ўз нутқида у инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилгани ва ўз президентлик вазифасини сидқидилдан амалга оширганини айтди.

"Мен бутун умримни Миср ва унинг ўғлонларини мудофаа қилиб яшадим. Оллоҳ, сиз ва халқ қаршисида айтаман, мен бутун умримни мана шу мамлакатнинг душманларига қарши курашишга бағишлаганман", - деди у.

Your contact details
Disclaimer