Австралия 'Исломий Давлат'га қарши ҳаво ҳужумларига қўшилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Австралия ҳукумати эълон қилишича, мамлакатнинг ҳарбий учоқлари Ироқдаги "Исломий Давлат"га қарши тузилган Америка Қўшма Штатлари етакчилигидаги коалицияга қўшилади.

Бош вазир Тони Абботт айтишича, Австралия қуролли кучлари тўла жанговор амалиётларга қўшиладими-йўқми, бир қарорга келинмаган, бироқ ўзларининг учоқлари Ироқ осмонидаги парвозларни дастаклайди.

Бош вазир Абботт бу ҳақда Австралия парламенти олдидаги чиқишида гапирган.

Австралия бош вазири сўзларига кўра, "Исломий Давлат" бутун дунёга уруш эълон қилган ва шунинг учун ўз мамлакатида ҳам, хорижда ҳам таъқиб этилиши керак.

"Бизнинг вазифамиз ўз халқига қарши қатлиом содир этаётган режимларни ҳам дастакламаслик, бизга қарши терроризмга ҳам йўл қўйиб бермаслик", деб айтган Бош вазир Тони Абботт.

Сентябр ойи ўрталарида Австралия Америка етакчилигидаги коалицияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудига 600 ҳарбийси ва бир неча ҳарбий учоқларини жойлаштирган эди.

Бош вазир Абботтнинг айтишича, Бирлашган Араб Амирликларидаги Австралия ҳарбий ҳозирлигидан кўзланган мақсад Ироқ, Сурия эмас.

"Австралия Сурия ҳукуматини тан олмайди", деб айтган у.

АҚШ ҳарбий учоқлари ҳам Ироқ ва ҳам Суриядаги "Исломий Давлат" жангариларини ҳаво ҳужумларига тутмоқда.

30 октябр куни илк бор Британиянинг Қибрисда жойлашган учоқлари Ироқ Курдистонига парвозларни амалга оширган.

Австралия аллақачон Ироқ Курдистонидаги курд бўлгинчиларига қурол-яроқ билан дастак бермоқда, Ироқ шаҳарларига инсонпарварлик ёрдамларини етказишга кўмаклашаяпти.

Бош вазир Тони Абботт айтишича, Ироқдаги зўравонликлар аллақачон Австралия ҳудудига ҳам етиб борган, 60 тача Австралия фуқароси хориждаги жиҳодчи гуруҳларга қўшилган, деб айтган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ