Бўлгинчилар Донецк қўналғасини ҳужумга тутишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина расмийларининг айтишларича, бўлгинчи кучлар ҳукумат назорати остида бўлган Донецк аэропортини қўлга олиш учун ҳужумларини давом эттиришмоқда.

Россияпараст бўлгинчилар охирги ҳафталар мобайнида қўналғани олиш учун бир неча бор урингандилар.

Чоршанба куни улар бу каби ҳужумни яна бошлаганлар.

Украина ҳукумати ва бўлгинчи кучлар орасида сентябрнинг 5 куни эришилган оташкесим битими шу вақтгача бир неча бор бузилган.

1 октябр куни Донецкдаги мактаблардан бирига келиб тушган сняряд туфайли 4 киши ҳалок бўлганди. Миниавтобусга қилинган ҳужумда эса 6 киши ҳалок бўлган.

Ҳукумат расмийсининг айтишича, чоршанба куни кечқурун Украина кучлари бўлгинчиларнинг Донецк аэропортига 4 ҳамласини қайтаргалар.

Донецк бўлгинчи кучлар қўлида бўлган энг йирик шаҳар бўлиб, шаҳар ташқарисида жойлашган қўналға стратегик аҳамиятга эгадир.

Қўналғани қўлга киритсалар бўлгинчилар ўзлари учун таъминот йўлини қайта очган бўладилар.

Associated Press агентлигининг Донецкда бўлган мухбирига кўра, ҳукумат кучлари аэропорт устидан назоратни аллақачон йўқотган бўлишлари мумкин.

Бўлгинчилар раҳбарларидан Александр Захарченко қўналғанинг "90 фоизи"ни назорат остига олганликларини даъво қилган.

Расмийлар эса қўналға ҳануз ҳукумат қўлида эканлигини айтмоқдалар.

Можаро тарихи

Украинада апрел ойида бошланиб кетган россияпараст бўлгинчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида шу вақтгача 3500 инсон ҳалок бўлган.

Украинадаги можаро мамлакат ривожланиши қайси йўналишда бўлиши юзасидан бошланиб кетган.

Март ойида Россия Қрим Ярим оролида ўтказилган референдум ортидан ҳудудни ўзига қўшиб олди.

Бўлгинчи кучлар эса Донецк ва Луганск минтақаларида мустақиллик эълон қилдилар.

Россия у ердаги бўлгинчи кучларга қурол-яроғ ва аскарларни юбораётганлигини рад этиб келмоқда.

Кремлга кўра, Украинадаги аскарлар у ерга кўнгилли равишда борганлар.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ