Австралия ИДга қарши ҳарбий амалиётларuга сафарбарликни маъқуллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Австралия ҳукумат қўмитаси "Исломий Давлат" гуруҳига қарши Америка етакчилигидаги ҳарбий амалиётларга қўшилишни маъқуллаган.

Бош вазир Тони Абботт "Исломий Давлат"ни "дунёга уруш очган" "ўлим мазҳаби" деб атаган ва уни шаштидан қайтариш шартлигини айтган.

Австралия ИДга қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этади

"Исломий Давлат" ёки ИД Сурия ва Ироқдаги йирик минтақани назорати остига олган.

АҚШ етакчилигидаги коалиция икки ҳафтадан бери гуруҳнинг Ироқ ва Суриядаги мавқеларини нишонга олмоқда. Билдирилишича, Австралия Ироқдаги амалиётларда иштирок этади.

Пайшанба куни Туркия парламенти ҳам амалиётларга қўшилиш учун ҳарбийларни Ироқ ва Сурияга сафарбар этилишига оид таклифни маъқуллаган.

"Исломий Давлат" жангарилари яқинда Туркия билан чегарага яқинлашиб келишган. Бу минглаб курд қочқинларининг Туркия тарафига қочиб ўтишларига сабаб бўлганди. Туркия шундоқ ҳам миллиондан ортиқ Сурия қочқинларига бошпана бермоқда.

БМТнинг айтишича, жангарилар "ларзага соладиган сонда" инсон ҳуқуқларини поймол қиладиган амалларга қўл уришган.

'Ўлим мазҳаби'

Жаноб Абботтнинг баёноти кенг кўламда кутилганди. Аммо, унга кўра, ҳарбий кучларга изн беришга жазм этиш "ҳукумат учун осон кечмаган" ва "Ироқ бу жангариларга қарши жангда ёлғиз қолмаслиги керак".

Тони Абботнинг айтишича, ҳукумат қўмитаси Ироқ ҳарбийларига ёрдам ва маслаҳат бериши учун махсус кучларни сафарбар этишга ҳам рухсат берган.

"Ҳа, бу жанговор сафарбарлик, бироқ Ироқ халқини ва алал-оқибат, австралияликни ИД ўлим мазҳабининг қотилона ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун зарур инсонпарварлик миссияси", деб айтган Австралия Бош вазири мухбирларга қарата.

Абботт жанобларига кўра, ҳукуматнинг ҳали ҳарбий аралашувни Сурия ҳудуди томон кенгайтириш режаси йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02