Инчондаги ҳижоб можароси қандай якун топди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Айнан қатарлик баскетболчи қизларнинг бойкоти сабаб, кейинги Осиё Ўйинларида ҳижоб ортиқ муаммо бўлмаслиги мумкин.

Бу ҳақда Инчонда бўлиб ўтган XVII Ёзги Осиё Ўйинларининг якуний кунида Осиё Олимпия Кенгаши президенти баён қилди.

Ўтган ҳафта Мўғулистонга қарши ўйинлари олдидан қатарлик баскетболчи қизларнинг ҳижоблари каттагина машмашаларга сабаб бўлганди.

Халқаро баскетбол тартиб-қоидаларига мос келмаслиги айтилиб, улардан бошларидаги ҳижобларини ечиб қўйишлари сўралганди.

Бунга кўнмаган қатарлик баскетболчи қизлар ўз норозиликларининг ифодаси сифатида Ўйинларни муддатидан олдин тарк этишганди.

Спортчи қизларнинг ўйинга бош кийими ва соч безаклари билан тушишлари эса, Халқаро Баскетбол Федерацияси томонидан ман этиб қўйилган.

Баскетбол Осиё Ўйинларида бу каби тақиқ кучда бўлган ягона спорт тури ҳисобланади.

Осиё Олимпия Кенгаши Президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабаҳнинг таъкидлашича, бу – адолат ва тенглик каби Олимпия ғояларига тамом тескари бир ҳолатдир.

“Ҳижоб билан боғлик можаро мени ранжитди. Ҳижоб дин эмас, маданиятга боғлиқ. Устига устак, Олимпия дастуридаги баскетболдан ташқари қолган барча спорт турларида ҳижобга рухсат бор”, - деб айтган Шайх Аҳмад мухбирларга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Осиё Олимпия Кенгаши президентининг сўзларидан маълум бўлишича, мавжуд тақиқ бошқа мусулмон давлатларидан бўлган хотин-қиз баскетбол терма жамоаларининг ҳам Ўйинларда иштирок этишларига тўсқинлик қилган.

Шайх Аҳмад бунга мисол қилиб Қатардан ташқари, яна Афғонистон ва Эронни ҳам тилга олиб ўтган.

Аммо, президент жанобларига кўра, ҳижобга қўйилган тақиқ масаласида аллақачон Баскетбол Уюшмалари Халқаро Федерацияси билан музокаралар олиб боришган.

Унга кўра, ушбу мулоқотлари ортидан, ҳижоб муаммосининг ечими йўлида ижобий қадам қўйилди, деб бемалол айтиш мумкин.

“Менимча, биз бу масалада тил топиша оламиз. Халқаро Баскетбол Федерацияси, ҳозирча, клублар ўртасидаги айрим мусобақаларда ҳижобга изн бериб кўради ва кейин буни биратўласига маъқуллайди”, - деб айтган Шайх Аҳмад.

Сўнгги йилларда муслима спортчи қизларнинг ҳижоблари қизғин муҳокама мавзусига айланган.

Муслима спортчи қизлар айнан ҳижоблари сабаб жаҳон чемпионати ёки Олимпиада каби турли халқаро нуфузли турнирларда ҳуқуқлари камситилаётганидан шикоятдалар.

Дейлик, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Саудия Арабистони дзюдочиси Виждон Али Сирож Абдулраҳим Шаҳерканийнинг ҳижобда татамига чиқишига рухсат берилишини талаб қилганди.

Уларнинг бу талаби катта шов-шувларга сабаб бўлган, Халқаро Дзюдо Федерацияси алал-оқибат саудиялик спортчи қизнинг махсус ҳижобда беллашишига рухсат берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жанубий Кореянинг Инчон шаҳрида бўлиб ўтган бу йилги Ёзги Осиё Ўйинлари эса, кеча шанба куни расман ўз поёнига етди.

Ўзбекистонлик спортчилар Ўйинларни 9 та олтин, 14 та кумуш ва 21 та бронза, жаъми 44 та медал билан якунлашди.

Медаллар жадвалида эса, совринли ўринларни қўлга киритган 37 давлат орасидан 11-ўринни эгаллашди.

Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганда, жаъми 84 та медал билан қўшни Қозоғистон энг яхши натижа қайд этди.

Улар медаллар жадвалида юқори тўртликка киришга муваффақ бўлишди.

Тожикистон битта олтин, битта кумуш, учта бронза, Қирғизистон 2 та кумуш, тўртта бронза, Туркманистон 1 та кумуш, бешта бронза ва Афғонистон битта кумушу битта бронза медали билан уйга қайтадиган бўлишди.

Қитъанинг Олимпиадасига тенглаштирилувчи Осиё Ўйинлари ҳар тўрт йилда бир ўтказилади.

Унда 45 Осиё давлатидан 9.000 дан ортиқ спортчи 36 спорт кураш тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ