'Исломий Давлат' Кобане учун жангларни давом эттирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кобане уч ҳафтадан бери қамалда қолаётганди

"Исломий Давлат" гуруҳи жангарилари ва Сурия курдлари ўртасидаги жанглар Кобане шаҳарчасининг жанубий туманига ҳам ёйилгани хабар қилинади.

Айни пайтда Қўшма Штатлар етакчилигидаги иттифоқ Сурия курдларига ёрдам бериш учун ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда.

Аммо, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳаво ҳужумлари етарли эмаслиги ва Кобане "мағлубият арафасида" эканини айтган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув марказига кўра, сўнгги тўқнашувлар ортидан "Исломий Давлат" жангчилари жанубий тумандаги қатор биноларни ишғол қилишган.

Аммо, ташкилот қақшатқич жанглар туфайли жангарилар шарқий туманлардан чекинишга мажбур бўлгани борасида ҳам айтган.

Шунингдек, Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув маркази маълумотларига кўра, Сурия курдлари тарафидан қўйилган пистирмаларда "Исломий Давлат"га тегишли кўплаб жангарилар нобуд бўлишган.

Аввалроқ, жангарилар шаҳарнинг учта тумани назоратини қўлга киритиши ортидан жанглар суръати душанба кундагига қараганда пасайгани хабар қилинганди.

Гувоҳлар коалиция ҳаво ҳужумлари боис қаттиқ портлаш овозлари қулоққа чалинаётгани ва қалин тутун кўкка ўрлаётганини айтишган.

Ҳозиргача Кобанени аксари курдлардан иборат 160, 000 дан ортиқ суриялик тарк этган. Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув маркази ҳисоб-китобларига кўра, Кобане учун олиб борилган жангларда камида 400 инсон ҳалок бўлган.

Уч ҳафтадан бери қамалда қолаётган Кобане шаҳарчасини қўлга олиш "Исломий Давлат"га Сурия-Туркия чегарасининг каттагина қисмини назорат қилиш имконини беради.

Аввалроқ, Кобанедаги маҳаллий расмий Идрисс Нассан Би-би-сига шаҳарнинг "тез орада таслим бўлиши муқаррар" эканлигини айтганди.

У "Исломий Давлат" стратегик аҳамиятга эга Мистенур тепалигини назорат қилаётгани ва қақшатқич ҳужумга тутилаётганини тасдиқлаган. Кобане ҳозир уч тарафдан қамалда қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ