Афғонистон: 'Аёлларни зўрлаганлар' қатл этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Афғонистонда аёлларни зўрлаш кенг тарқалгани айтилади

Афғонистонда тўрт аёлни гуруҳ ҳолида зўрлаган беш шахс қатл этилган.

Бутун Афғонистонни ларзага солган мазкур ҳодисага собиқ президент Ҳомид Карзай ҳам муносабат билдириб, бешовлонни қатл этишга чақирганди.

Афғон расмийлари айбдорларнинг барчаси Кобул шарқидаги Пули Чархи қамоқхонасида қатл этилганини айтганлар.

Бошқа бир жиноятда айбдор деб топилган бошқа бир шахс ҳам қатл этилган.

Афғон расмийлари халқаро инсон ҳақлари ташкилотларининг айбдорларни қатл этмаслик ҳақидаги чақириқларини эътиборсиз қолдирганлар.

Афғонистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалган эса-да, мухбирларга кўра, кўп ҳолларда зўравонликлар эътибордан четда қолади.

Тўрт аёл полиция либосини кийган беш шахс томонидан Кобул яқинидаги Пағмон минтақасида август ойи бошида зўрланган эди.

Маҳкамага тақдим этилган кўрсатмаларга кўра, полиция либосини кийган ва қуролланган етти шахс 23 август куни эрта тонгда Пағмон вилоятида Кобул томон бораётган автомобилларни тўхтатганлар.

Улар тўрт нафар аёлни машиналардан куч ишлатиб туширганлар, уларни талаганлар, калтаклаганлар ва сўнгра зўрлаганлар.

Тажовузга учраганлардан бир аёл ҳомиладор бўлгани хабар қилинади.

Ушбу ҳодиса афғон жамоатчилиги орасида кескин норозиликларни уйғотган, аксарият жиноятчиларни қатл этишни талаб қилганди.