#WakeUpCall: Юлдузлар суриялик болалар учун

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Дунё юлдузлари худди шу мақсадда янги флешмобга қўл уришди.

Турли ижтимоий мулоқот тармоқларини ўзларига платформа қилиб олган юлдузлар "Ice Bucket Challenge" акциясининг муваффақиятини такрорлашмоқчи.

Ўтган июл ойидан бошлаб, жаҳон сиёсати, санъати, спорти ва маданиятининг кўзга кўринган намояндалари ўзларини музли сувга пишитиб, склероз хасталигига қарши курашга бош қўшишганди.

Ушбу хайрия акцияси АҚШ собиқ Президенти Жорж Бушдан тортиб, Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Microsoft ширкатининг собиқ раҳбари ва дунёнинг "энг бой одами" Билл Гейтс, америкалик юлдуз хонандалар Жастин Тимберлейк, Женнифер Лопес, Жастин Бибер, Леди Гага, машҳур телебошловчи Опра Уинфри ва эр-хотин Девиду Виктория Бекҳемларнинг ҳам эътиборини ўзига тортганди.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, "Ice Bucket Challenge" хайрия акцияси доирасида озмунча маблағ йиғилмаган: Бир ойнинг ўзида 100 миллион АҚШ долларига яқин пул тушган.

Шу орада музли сувга пишганларнинг биргина Facebook да жойлаштирган видеолавҳаларининг сони икки ярим миллионтага яқинлашган бўлса, уни қайта юклаб олган, шарҳлаган ёки ёқтирганларнинг сони 28 миллионга етган.

Янги флешмоб

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, янги хайрия акциясида ҳам аллақачон Британия ва Америкадаги бир қанча юлдузлар иштирок этиб бўлишган.

Худди "Ice Bucket Challenge"каби янги флешмобнинг ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд.

Қай бир соҳада юлдуз бўлманг, энг аввало шундоққина уйқудан кўз очган онингиз муҳрланган суратингизни #wakeupcall хештеги остида чоп этасиз.

Кейин эса, худди шу суратингиз баҳона қолганларни БМТ ЮНИСЕф Болалар жамғармасининг Суриядаги фаолияти учун пул йиғишга даъват қиласиз.

Тўғри, янги флешмобнинг "Ice Bucket Challenge" га етишига ҳали кўп вақт лозим бўлади.

Аммо машҳур модель Наоми Кэмпбелл, таниқли қўшиқча Натали Имбрулья, кўпчиликка яхши таниш актёр Стивен Фрай, Top Gear автомобиль шоуси олиб борувчиси Жереми Кларксон ва жаҳон ошхонасида ўз ўрнига эга ошпаз Хестон Блументаль аллақачон ўз суратларию даъватлари билан бўлашиб бўлишган.

Бу флешмобда #wakeupcall хештеги икки хил маъно касб этади:

Биринчидан, бу хештег суратнинг шундоққина уйқудан уйғонганингиз билан олингани,..

Иккинчидан, Суриядаги болаларнинг аянчли аҳволига жадаллик билан эътибор қаратилиши лозимлигини англатади.

Худди шунга ўхшаш флешмоб ўтган йил баҳорида Британияда роса оммабоп бўлганди.

Флешмоб #nomakeupselfie хештеги остида ўтказилган ва юлдузлар пардозсиз қиёфалари акс этган суратлари билан саратон хасталигини тадқиқ қилиш ишлари учун маблағ йиғишганди.

Аммо бу онлайн хайрия акциясида фақат аёллар иштирок этишганди.

Тадқиқотчилар эса, худди шу манзарада нима учун бунга ўхшаш флешмоблар бунчалик оммабоп эканига саволига эътибор қаратишган.

Уларнинг айтишларича, акциялар хайрия мақсадларини кўзлашдан ташқари, бошқаларнинг кўзи ўнгида сизнинг обрўнгизни кўтаради, ҳамманинг диққат-эътиборига тушасиз.

Оддий одамлар эса, флешмоблар баҳона ўзларини юлдузларга яқинроқ ҳис қилишади, машҳурлар билан бир акцияда иштирок этиб, улар қилаётган ишни такрорлашаётганидан мамнунлик туйишади.

Бу мавзуда батафсилроқ