АҚШ Ғазони қайта қуришга 212 миллион ваъда қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исроил ҳужумларида ҳалок бўлганларнинг аксари тинч фуқаролар эди

Донор давлатларнинг Қоҳирада ўтаётган халқаро анжуманида Қўшма Штатлар Ғазони қайта қуриш учун 212 миллион доллар ёрдам беришини айтган.

Фаластин маъмурияти Ғазони қайта тиклашга, ҳаммаси бўлиб, тўрт миллиард АҚШ доллари керак бўлишини айтади.

Исроил армиясининг Ғазо бўлгасига қилган 50 кунлик ҳужумлари натижасида бўлга деярли вайрон бўлди.

Ғазо бўлгасининг камида юз минг аҳолиси ўз уй-жойларидан ажралди ва бўлгадаги инфратизилманинг аксари ишдан чиқди.

Аввалроқ Фаластин ва Миср президентлари Исроилни узоқ муддатли тинчлик битимига риоя этишга чақирган эдилар.

Улар шунингдек Исроилдан 1967 йилги урушда ишғол этилган Фаластин тупроқларини бўшатиб қўйишни талаб қилганлар.

Охири йўқ можаро

Етти ҳафта давом этган можаро 26 август куни тарафларнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартномани имзолашлари билан поён топди.

Мазкур можарода 2,100 нафар фаластинлик ва 66 нафар Исроил аскари ўлдирилди.

Мухбирлар сўзларига кўра, можаро пайтида Исроил ҳаво ҳужумларига тутилган Ғазо бўлгасининг аксар қисми зилзиладан вайрон бўлган ҳудудларга ўхшайди.

Қоҳира анжуманида ўнлаб мамлакатлар вакиллари иштирок этмоқдалар.

Форс кўрфази ва Оврўпо мамлакатлари ҳамда Қўшма Штатлар Ғазони қайта қуриш учун сўралган маблағнинг ҳаммасини беришлари кутилмоқда.

Бироқ Қўшма Штатлар расмийлари Исроил армияси ва Фаластин жангчилари ўртасидаги "охири йўқ" можарони тўхтатиш зарурлигини таъкидлаганлар.

Уларга кўра, донор давлатлар можаронинг қайталанишидан хавотирдалар.

Фаластиндаги Оврўпо Иттифоқи элчиси, Жон Гат-Руттернинг Эй-Эф-Пи ахборот агентлигига айтишича, "Ғазода тинчлик бўлиши учун Фаластин ва Исроил ўртасида сиёсий шартнома имзоланиши лозим".

Икки томон охирги олти йил ичида тўрт марта жанг қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ