Бокуда мухолифатнинг йирик намойиши

Озарбайжон мухолифати якшанба куни пойтахт Бокуда сўнгги йиллардаги энг йирик сиёсий намойишни ўтказди.

"Демократик кучлар Миллий Кенгаши" ташкил этган намойишда сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва Оврўпо Иттифоқи билан интеграция, шунингдек Президент Илҳом Алиевнинг истеъфоси ҳам талаб қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Озарбайжондаги етакчи мухолифат партияларидан "Мусавот" раҳбари Ориф Ҳожили билан боғланиб, озарий мухолифати бу каби намойишлар билан нимага эришмоқчи, дея сўради.

Жаноб Ҳожилининг айтишича, Озарбайжонда ҳозир инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият жуда ҳам ёмон.

"Юздан ортиқ сиёсий маҳбуслар мавжуд. Уларнинг кўпчилиги "Халқаро Амнистия" тарафидан виждон маҳбуслари деб эълон қилган. Йиғилиш ва митинглар ўтказиш эркинлиги чекланмоқда, эркин сайловлар йўқ. Ҳукумат шаҳар марказида, майдонларда намойиш ўтказишга рухсат бермайди. Кечаги намойиш ёпиқ жойда, стадионда ўтказилди. Шунинг учун Озарбажон мухолифати фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари учун курашмоқда", деди "Мусавот" раҳбари.

Бокудаги намойишлар мобайнида баъзиларнинг қўлларида арабча хат битилган қора байроқлар пайдо бўлганлигини изоҳлар экан, Ориф Ҳожили буни расмийларнинг иғвоси сифатида талқин қилди.

"Бу ҳукумат тарафдорларининг одатдаги провокацияси экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Озарбайжонда ва айниқса, Бокудаги мухолифат намойишида ҳеч ким "Исломий Давлат" террорчи ташкилотининг байроғини кўтариши мумкин эмас. Намойиш фаоллари қора байроқ кўтарган битта одамни ушлаб, полицияга топширдилар. Аммо ундан кейин нима бўлгани менга қоронғу", деди мухолифат раҳбари

У мухолифат ноябр ойига яна намойишлар режалаганини айтди.

Охирги ойлар давомида Озарбайжонда қатор мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоллари ҳисбга олиниб, маҳкамага тортилган.

Your contact details
Disclaimer