Туркия Хавфсизлик Кенгашига сайланмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Пайшанба кунги овоз беришда Туркия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг вақтинчалик аъзолиги учун етарли овоз ололмаган.

"Ғарбий Оврўпо ва бошқа давлатлар" гуруҳида 2015-2016 йилда Хавфсизлик Кенгашига вақтинчалик аъзолик учун Туркия, Янги Зеландия ва Испания беллашишган.

Бешта вақтинчалик ўринлар Венесуэла, Ангола, Малайзия, Янги Зеландия ва Испанияга берилган.

Туркия Бирлашган Миллатларга аъзо 193 давлат билан фаол иш олиб борганига қарамай, овоз беришни Испанияга ютқазган.

Туркия 2008 йилда Хавфсизлик Кенгашига сайловда 151 фоиз овоз билан рақиблари Австралия ва Исландия устидан йирик дипломатик ғалабани қўлга киритганди.

Ўшанда Туркия 48 йилдан кейин яна Хавфсизлик Кенгашига вақтинчалик аъзоликни қўлга киритган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 5 доимий ва 10 вақтинчалик аъзоси бор.

Вақтинчалик аъзо давлатлар 2 йил муддатга сайланади.

Доимий аъзолар бўлган АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой вето ҳуқуқига эга.

'Тамойиллардан воз кечмаймиз'

Ғарб матбуоти пайшанба куни Нью Йоркдаги БМТ қароргоҳида бўлиб ўтган овоз бериш натижалари "Исломий давлат"га қарши курашнинг олдинги жабҳасида бормаётган Анқарага жиддий зарба экани ҳақида ёзган.

Туркия ўз чегараси яқинида урушаётган "Исломий давлат" давлат жангариларига қарши курашда ёрдам бериш учун халқаро босимлар остида қолган.

Туркиянинг Анадолу давлат хабар агентлиги Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг "биз кўпроқ овоз олиш учун ўз тамойилларимиздан воз кечолмаймиз" деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Ўтган ҳафта Туркия "Исломий Давлат" жангариларига қарши ҳарбий амалиётларда АҚШга ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат берган.

Аммо Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ИДга қарши ҳаво зарбалари етарли эмаслигини айтган.

Анқара Суриядаги ҳар қандай амалиёт Президент Башар-Ассадни ҳокимиятдан кетказишни ўз ичига олиши керак, демоқда.

Жаноб Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни исломий жангарилар йўлини тўсишда Туркияга етарли ёрдам бермаётганликда айблаган.

"Туркия, айниқса, Суриядаги фавқулодда вазият муносабати билан таҳдид ҳақида халқаро ҳамжамиятга қайта-қайта огоҳлантириш йўллаган. Халқаро ҳамжамиятнинг сустлиги оқибатида режимнинг Сурия аҳолисига қарши зўравон сиёсатига қарамасдан, "Ал-Қоида" Сурияда қайта тўпланишга ва режим дастагида "Ислом ва Шом Исломий Давлати" номи остида янада кўп куч йиғишга муваффақ бўлди", деган Президент Эрдўғон аввалроқ БМТдаги чиқишида.

Бу мавзуда батафсилроқ