Туркия: коррупция можароси тергови тўхтатилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Туркия прокуратураси хабар қилишича, вазирлар ва уларнинг ўғилларининг коррупцияга аралашгани далил-исботи топилмаган, шу сабаб жиноят иши тергови тўхтатилган.

Туркиядаги юқори лавозимдаги амалдорлар билан боғлиқ коррупция можароси ўтган йили декабрида бошланган эди.

Ўша пайтда бош вазир лавозимини эгаллаган Ражаб Тойиб Эрдўғон сафдошлари бўлган Ички ишлар, Иқтисодиёт ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирларининг уч ўғлини полиция ҳибсга олган эди.

Ушбу иш бўйича жами 53 шахс устидан тергов олиб борилган.

Ўғиллари ҳибсга олинган вазирлар истеъфо берган эдилар.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон жиноят ишини ўзини ҳокимиятдан ағдариш мақсадида тўқиб чиқарилган “ифлос операция” деб атаган.

Президент Эрдўғон бир неча прокурорни лавозимидан бўшатган.

Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида жаноб Эрдўғон коррупцияда айбланган материаллар пайдо бўлган.

Мисоли учун, YouTube видеопорталида эълон қилинган телефон сўзлашувида ота-боланинг йирик миқдордаги нақд пулни нима қилишни муҳокама қилгани ҳақида гап боради.

Бунинг ортидан жаноб Эрдўғон Интернет саҳифалар ва ижтимоий тармоқларга Туркия ҳудудида тўсиқ қўйишга буйруқ берган.

Бу мавзуда батафсилроқ