Илк мусулмон инсон ҳақлари комиссари Шинжонга боришига умид қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи UN

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича янги комиссари Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн баҳсли Тибет ва Шинжон Уйғуристонига сафар қилиб вазиятни яқиндан ўрганишига умид билдирган.

Иордания Ҳошимийлар подшоҳлигининг БМТдаги собиқ элчиси, валиаҳд Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимига шу йилнинг 1 сентябридан киришди.

У БМТнинг инсон ҳақлари бўйича энг олий лавозимини эгаллаган илк мусулмон бўлган.

Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн Женевада ўтказган илк матбуот анжуманида Тибетга сафар қилишни исташи, ушбу ташриф масаласида Хитой расмийлари билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида айтган.

Матбуот анжумани иштирокчиларидан бири бўлган журналист Хитой назоратида бўлган Шинжонга сафар қилиши эҳтимоли ҳақида сўраган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн сўзларига кўра, "айнан қайси жойларга бориши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

"Биз бир неча кунлик ташриф ҳақида сўзлашганмиз. Агар тез орада бу сафар амалга ошса, мен ён-атрофга ҳаракат қилишим мумкин деб ўйлайман", деб айтган Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн.

Жаноб Ал-Ҳусайндан олдин БМТ Инсон ҳақлари комиссари лавозимини Нэви Пиллай эгаллаган.

Пиллай хоним 2010 йилги қирғинлардан кейин Қирғизистон жанубига ҳам сафар қилган эди.

Хитойнинг кескин танқидчиларидан бири ҳисобланган Нэви Пиллай расмий Пекинни мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Тибетда мониторинг ўтказишларига рухсат беришга чақирган эди.

Ўтган йилги БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашидаги Универсал Даврий ҳисоботи пайти Хитой ҳукумати БМТ Инсон ҳақлари олий комиссарининг Тибетга сафарига розилик билдирган.

Сўнгги йилларда Шинжон Уйғуристонида юзлаб инсонлар умрига зомин бўлган зўравонликлар сони ортган.

Хитой расмийлари зўравонликларда уйғур "бўлгинчи", террорчи"ларини айблайди.

Аммо муҳожиротдаги уйғур фаолларига кўра, Хитой ҳукумати мусулмон уйғурларнинг дини, маданияти ва турмуш тарзига аралашишни тобора кучайтирмоқда, бу эса маҳаллий уйғур аҳолининг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ