Толибон: “Халқ исломий давлат истайди”

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA
Image caption Ҳоким Бадри номи билан маълум Саид Раҳмон (чапда) ўзини Танги водийсидаги Толибон раҳбари деб эълон қилган

Ўн йилдан ортиқроқ вақт давом этган урушдан сўнг халқаро қўшинлар Афғонистонни тарк этишга ҳозирлик кўрар экан, Толибон мамлакатнинг муайян ҳудудларида қайта назорат ўрнатмоқда.

Би-би-сининг Панорама дастури Толибон таянч нуқталаридан бирига боришга муваффақ бўлган.

Пойтахт Кобулдан Танги водийсигача автомобилда бир соатдан сал кўпроқ юрилади. Кобул жануби-ғарбидан 97 чақирим узоқда жойлашган ушбу тоғли минтақа аллақачон Толибон қўлида...

Водий Кобулга дарвоза сифатида ҳам кўрилади ва у ердан пойтахтга қарши ҳужумлар ҳам уюштирилган.

Вардак вилоятига қарашли ушбу минтақа бир неча йил НАТО ва Толибон ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлди.

10 йил Афғонистондаги мухбирлик фаолиятим ва Ҳелмандда толиблар томонидан ўғирлаб кетилишим билан боғлиқ тажрибалардан водий, айниқса, ғарблик журналистлар учун ўта хатарнок эканидан бохабар эдим.

Мен Толибоннинг минтақадаги раҳбари Саид Раҳмон билан учрашув белгиладим. Уни Ҳоким Бадри деб ҳам танийдилар. Ҳозир 27 ёшда бўлган Саид Раҳмон ўсмирлик пайтидан - 2001 йил Толибон қудратдан ағдарилганидан бери Америка етакчилигидаги кучлар билан урушиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA
Image caption Танги водийси Кобулдан бор-йўғи 97 чақирим узоқда жойлашган

У америкаликлар Афғонистондан чиқиб кетмагунга қадар курашни тўхтатмаслигини айтади. Саид Раҳмонга кўра, у Исломий қонунларни бутун Афғонистон бўйлаб тадбиқ этиш ниятида.

"Халқ мусулмон ва Исломий давлатни хоҳлайди", дейди у. "Ғарбликлар бу ерда Исломий ҳукумат қудратга келишини исташмайди".

Мухбир билан учрашиш ўзини тарғиб қилиш учун зўр имкониятдир. Ҳоким Бадри менга қўли остида эканини даъво қилаётган ҳудудни кўрсатишни истарди. У мени адир тепасига бошлади ва уч йил олдин ташлаб кетилган Америка базаси қолдиқларини кўрсатди.

Ортда қолдирилган барча нарса мусодара қилинган. "Ҳатто, тиканли симларни биз қабристонлар, мадраса ва масжидларга бердик", дейди у.

Адир тепасидан 2001 йилги уруш пайти америкаликларга қарши уюштирилган энг ҳалокатли ҳужум саҳнасини кўриш мумкин эди. Ўшанда "Чинук" русумли вертолёт 17 нафар Қўшма Штатлар денгизчиси дохил 38 йўловчиси билан уриб туширилганди.

Сал нарида Афғон миллий армияси базаси жойлашган.

Армия воизи Генерал Муҳаммад Зоҳир Азимий афғон қўшинлари Вардак вилоятини тўлиқ назорат қилишини айтади.

Бироқ, толиблар Танги водийсида кундуз кунлари ҳам эркин ҳаракат қилишарди. Ҳоким Бадрига кўра, зирҳли машиналар карвонларини айтмаса, афғон аскарлари ташқарида жуда камдан-кам ҳолатларда кўриниш беришади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA
Image caption Мактаб...

Ҳудуд Толибон назорати остида эканини мактаблар мисолида ҳам кўриш мумкин. Имом Абу Ҳанифа мактабида 50 нафар ўқитувчи фаолият қилади, 1, 400 талаба таълим олади. Уларга математика ва бошқа аниқ фанлар ўқитилади, аммо Толибон диний дарслар таълимнинг асосий қисми бўлишини талаб қилади.

Қизиғи шундаки, Толибон дастури асосида ишлайдиган ушбу мактабни Афғонистон ҳукумати молиялайди. Давлат таълим бюджетининг аксар қисми эса, Ғарб, жумладан, Британиядан келади.

Мактабда ва ё минтақанинг ҳеч бир ерида қиз болаларни кўрмадик.

Толибон расмий доиралари қиз болаларнинг таълим олишларига қўйилган тақиқ ҳозир юмшаганини айтишади. Аммо, мактаб директори Муҳаммад Салим қиз болаларни ўқитишмаётгани ва улар учун янги таълим даргоҳи қуриш ниятида ҳам эмасликларини тан олди.

Толибон Афғонистонда ҳукмронлик қилган даврда шариат маҳкамалари томонидан ўта шафқатсиз жазолар тайинланган. Толибон назорати остидаги ҳудудларда ҳамон ўғирлик учун қўлни кесиш ва зино учун тошбўрон қилиш каби жазолар ижро этилади.

Танги водийсида ер устидан келиб чиққан келишмовчилик бўйича маҳкама мевазорда ўтди ва унда Ҳоким Бадри ҳам ҳакам ва ҳам суд маслаҳатчи сифатида қатнашди.

"Оллоҳнинг ёрдами билан биз қарорларимизни Кобул Олий Маҳкамасиникидан кўра тезроқ берамиз", дейди у. "Қарор олдикми, тамом, юқори маҳкамага чиқишга ҳожат қолмайди".

Ҳоким Бадрига кўра, Толибон Исломий ҳукумат барпо этиш учун Америка етакчилигидаги кучларга қарши жангда "ўзини қурбон қилади, шаҳид бўлади ва қон беради".

Яқин-атрофда бир болакай Калашников русумли автомат қуролни ўйнаб ўтирар, мен эса, ундан: "АК47 билан нима қилмоқчисан", деб сўрадим.

"Одамларни отаман", деб жавоб берди бола. Унинг отаси эса, фахр билан ўғлининг "ҳақиқий мужоҳид" бўлишига умид билдирди.

Ҳоким Бадри - қора рўйхатда турганлардан бири. Бадрининг айтишича, Қўшма Штатлар махсус кучлари уни ўлдириш ва ё қўлга олиш учун қатор ҳужумлар уюштиришган, бир неча бор дронлар воситасида нишонга олинган.

Image caption Толибоннинг маҳкамаси мевазорда ўтказилади

Охирги ҳужум ўзидан ярим метр узоқда юз берган. Ўшанда у яраланган ва қулоғи эшитмай қолган.

"Қачонки, қўл телефонимни очсам, дронлар пайдо бўлади. Шунинг учун мобил телефондан фойдаланмасликка ҳаракат қиламан", дейди Ҳоким Бадри.

Толибон билан 4 кеча-кундуз бирга бўлдим. Кўп одамлар билан гаплашишимга изн берилди. Айримлар атайин танланди, аммо мен ҳар доим уларнинг яқин кузатуви остида эдим.

Баъзи маҳаллий одамлар хориж кучлари келган пайти уруш бироз тўхтаганидан мамнун бўлганларини яширишмади. Бошқалар эса, бирон бир танқидий гап айтиб қўйишдан тийилишди.

"Биз икки тарафдан ҳам қўрқамиз", деди номи сир тутилишини сўраган суҳбатдошим. "Бу ерда ҳеч ким ҳақиқатни айта олмайди".

Кетишимдан олдин Толибон ўз жангчиларини мевазорда тўплади ва фахр билан намойиш этди.

Улар тўпланган пайтлари амалга ошириладиган дрон ҳужумларига қарши қуролланиб, ракета отувчи қурилмаларигача олиб келишганди.

Танги водийсидаги Толибон ҳарбийларидан бири Қўмондон Интиқом нишонларни танлашда Американинг Google Earth деб номланган технологияларидан фойдаланишини айтди.

Қуёшдан химоя қилувчи қимматбаҳо кўзойнак тақиб олган қўмондон инглиз тилида аъло даражада сўзлашар ва Танги водийси тўла Толибон назоратида эканини даъво қиларди. У кейинги мақсад Кобулни олиш эканини айтди.

Аммо, ҳозир Кобул қалъа шаҳарга айлантирилган. Полиция сафида 150,000дан ортиқ зобит хизмат қилади. Армия аскарлари сони 200,000 га етиб қолди. Қўшинлар аскари пойтахт атрофида жойлаштирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA

Армия воизи Генерал Азимий "Толибоннинг стратегияси мутлақ" иш бермаслигини таъкидлайди.

Унга кўра, Толибон Танги водийсига ўхшаган стратегик аҳамиятга эга баъзи минтақаларни назорат қилаётган бўлиши мумкин, бироқ Кобулга қарши тўлиқ кўламли амалиёт уюштиришга ҳали қурби етмайди. Катта шаҳарларсиз эса, Толибон ҳеч қачон Афғонистонда ҳукмронлик қила олмайди.

"Толибоннинг заифлиги шундаки, улар миналар, портловчи воситалар ва худкушлик ҳужумларидан фойдаланади", дейди полициянинг тезкор гуруҳи полковниги Мирвайс Таракий. Мазкур гуруҳ айнан исёнкорлар ҳужумларини даф қилиш учун тайёрловдан ўтказилган.

"Улар бизнинг қўшинларга қарши тўла кўламли ҳужумлар уюштиришга қодир эмас", дейди полковник.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA

Ўтган ой Афғонистон янги ҳукумати Америка ва Британия махсус кучлари ва ҳарбий маслаҳатчиларини ортда қолдиришга оид келишувни имзолади.

Шунга қарамай, Ғарбнинг дастаги камайиши билан янада кўпроқ афғонлар Толибон қўли остига тушиб қолишлари хавфи сақланиб қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ