ИД аъзоси ўз қизини тошбўрон қилди

Исломий Давлат (ИД) суриялик қария зинода гумон қилинган ўз қизини тошбўрон қилиб ўлдиргани акс этган видеони чоп қилган.

Британияда жойлашган Сурияни кузатувчи гуруҳ мазкур ҳодиса марказий Ҳама вилоятида юз берганини айтди, бироқ у қачон юз берганини тасдиқлай олмади.

Видеонинг ҳақиқийлигини Би-би-си мустақил манбалардан тасдиқлата олмади.

ИД Сурия ва Ироқда ишғол қилган ерларида шафқатсиз усулларни қўллаш, хусусан диний ва этник озчиликларни ёппасига қириши билан ном чиқарган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳига кўра, бу аёлнинг тошбўрон этилишидан аввал яна икки аёл шу йўсинда ўлдирилган.

YouTube порталига ИД сешанба куни жойлаштирган видеода ҳарбий устбошдаги соқолли киши аёлга у зинога қўл ургани учун жазоланаётганини тушунтиради.

У аёлнинг отаси экани ишонилган қариянинг қаршисида унинг жазосини эълон қилади.

Аёл авф этилишини сўраб ёлворади, бироқ атрофдаги бошқа ИД жангарилари сўровига қарамай, соқолли киши уни авф этишдан бош тортади.

“Мен ҳар бир аёлга юзланаман: ўз шарафингизни сақлаб қолинг... ва мен ҳар бир отадан ўз қизи яшаётган атроф-муҳитга эътибор беришини сўрайман”, - дейди аёл ўз якуний сўзини айтиш сўралганда.

Қария сўнгра аёлнинг қўллари ва белига арқон боғлайди ва уни чуқурликка етаклайди. Сўнгра атрофдаги эркаклар, жумладан аёлнинг отаси ҳам, уни тошбўрон қилиб ўлдирадилар.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳи зинода айбланган бошқа бир эркак Идлиб вилоятида ал-Нусра фронти жангарилари томонидан қатл қилинганини ҳам билдирди.

ИДнинг “Дабиқ” номли тарғибот рўзномасининг август ойи сонида Суриянинг Раққа вилоятида юз берган тошбўрон суратлари чоп қилинган ва зинода айбланган аёл тошбўрон қилиб ўлдиргани хабар қилинган.

Душанба куни БМТнинг инсон ҳақлари бўйича раҳбари Иван Симонович ИДнинг Сурия ва Ироқдаги қилмишлари уруш жиноятларига тенг эканини айтган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ