Бош муфтий: ‘Twitter’ барча ёвузликларнинг манбаи’

Саудия Арабистонининг энг юқори рутбали уламосига кўра, одамлар ундан “ёлғон, туҳмат, ғийбатни урчитиш ва Исломнинг обрўсини тўкиш” йўлида фойдаланишади.

Шайх Абдул Азиз аш-Шайх ҳазратларининг айтишича, шу боис ҳам, “Твиттер” барча ёвузликлар ва ҳалокатларнинг манбасидир”.

Саудия Арабистони Бош муфтийси бу ҳақда шу ҳафта бошида, ўзининг “Фатво” номли телевизион кўрсатуви чоғида баён қилган.

“Агар, “Твиттер”дан тўғри фойдаланишса, албатта, бунинг фойдаси бисёр бўлиши мумкин. Бироқ, таассуфлар бўлсин, уни маънисиз мақсадларда суиистеъмол қилишади”, - деб айтган шайх ҳазратлари.

“Одамлар ишончли хабарлар манбаси деб “Твиттер”га ўзларини уришади. Аммо у қип-қизил ёлғоннинг уяси”.

Шайх Абдул Азиз аш-Шайх ҳазратлари мамлакатнинг Бош муфтийси сифатида ҳукуматда ҳам юқори лавозимни эгаллайди: Қонунчилик ва ижтимоий масалаларда асосий йўл-йўриқни у беради.

У яқинда дунёнинг 12 та энг қудратли мусулмонидан биттаси, деб ҳам топилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Энди ана шу инсоннинг айтишича, “Твиттер” ёлғон, ёвузлик, ғийбатни урчитади ва Исломнинг обрўсига доғ туширади”.

Саудия Арабистони Бош муфтийсининг сўзларидан бу каби иқтибосларни ‘Gulf News’ интернет нашри келтирган.

“Бу – мусулмонларга хос юксак даражадаги ахлоқ эмас. Мен уларнинг барчасини бир нарса твит қилишдан олдин обдан ўйлаб кўришга даъват қиламан”, - деган ўз чиқишида шайх ҳазратлари.

Саудия Арабистони дунёдаги аксарият аҳолиси “Твиттер”га муккасидан кетган давлатлардан бири саналади.

Агар, хабарларга таянилса, Бош муфтийларининг бу каби баёноти уларнинг аксариятига хуш келмаган.

“Демак, энди мен дунёдаги энг катта ёвузликдан узоқроқ бўлиш учун қилган ишимдан пушаймон бўлиб, “Твиттер” аккаунтимни ёпишим керак экан-да”, - дея заҳарханда қилган улардан бири.

Саудия арабистонилик бошқа бир “Твиттер” фойдаланувчиси эса, “Ҳурматли шайх ҳазратлари, сиз ўзингиз фойдаланмайдиган нарса ҳақида қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?”, - дея ўз таажжубларини изҳор этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Ўта анъанадор бир жамиятда кўнгилларидаги борини тўкиб солишнинг саноқли имкониятларидан бири бўлгани учун ҳам саудияликлар “Твиттер”ни яхши кўришади.

Бу – уларнинг шу йил бошида #WhydidTwittersucceedinSaudiArabia хэштеги остида чоп этган твитларидан ҳам маълум бўлганди.

Бирининг назарида, “Одамлар ҳеч кимдан қўрқмай, бемалол ва очиқчасига ўз ўй-фикрларини изҳор эта олишлари лозим”, - бўлса, бошқасига кўра, “На-да бирор бир газета ва на-да расмий одамларнинг кўнгилларидаги дарду ҳасратлари билан қизиқади”.

Аммо, энг сўнггида тан олиш керак, фойдаланувчиларнинг ўзлари ҳам “Твиттер”нинг ўзига жуда осон ўргатиб қўйиши ва соатлаб вақтларини олишидан шикоят қилишлари бор гап.

Бу мавзуда батафсилроқ