Эронда хавфсизлик ходими ўлимида айбланган аёл дорга осилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Эронда собиқ хавфсизлик зобитини ўлдирган аёл қатл қилинган. 26 ёшли Райҳона Жабборий Эрон Хавфсизлик вазирлигининг собиқ ходими Муртазо Абдулали Сарбандий уни жинсий таҳқирламоқчи бўлгани ва ўзини ҳимоя қилиш учун уни ўлдирганини даъво қилганди.

Жабборий хоним, халқаро шов-шувга қарамай, Теҳрондаги турмада осиб ўлдирилди. У 2007 йилда ҳибсга олинганди.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи Амнести ташкилотига кўра, у ўта адолатсиз терговдан сўнг айбдор деб топилган.

Ўтган ой унинг қатл этилишини тўхтатиш йўлида Фейсбук ва Твиттерда кампания бошланган ва қатл вақтинча тўхтатиб қўйилган.

Бироқ, шанба куни Ташим давлат хабар агентлиги маълум қилишича, Жабборийнинг қариндошлари қурбоннинг оиласидан унинг авф этилиши учун розилигини ола олмаслиги ортидан у қатл қилинган.

Хабарга кўра, аёлнинг ўз мудофааси йўлида амал қилгани борасидаги даъволари маҳкамада қабул қилинмаган.

"Асл мақсад"

Жабборийнинг онаси Шўҳле Пакраван Би-би-сининг форс хизмати билан суҳбатда қизининг қатл этилганини тасдиқлади ва унинг жасадини кўриш учун қабристонга бораётганини айтди.

Пакраван хонимга жума куни ўз қизини бир соатга кўриш рухсат берилган.

Жабборий ҳибсга олиниши ортидан икки ой якка ҳолда сақланган, ҳамда на адвокат ё на оиласи билан кўришишига рухсат берилган.

Теҳрондаги жиноий ишлар бўйича маҳкама уни 2009 йилда ўлим жазосига лойиқ деб топган.

Амнести гуруҳига кўра, Жабборий хоним Абдулали Сарбандийни орқасидан пичоқлаганини тан олган бўлса-да, Сарбандийни аслида шу уйда бўлган бошқа одам ўлдирган.

Қурбоннинг ўғли Жалол Сарбандийга кўра, Жабборий бу қотил ким бўлганини очиқлашдан бош тортган.

Апрел ойида Эрон матбуотига гапирган Жалол Сарбандий: "Бу аёл шериги ким бўлгани ва асл мақсади нима бўлганини очиқлагандагина, биз уни авф қилишимиз мумкин", - деб айтганди.

БМТга кўра, Эронда бу йилнинг ўзида 250 киши қатл этилган.

Your contact details
Disclaimer