Украина: сайловларда ғарбпараст партиялар ғалаба қозонмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина шарқидаги 3 миллион сайловчи овоз беришда қатнашмаган

Якшанба кунги парламент сайловларида энг кўп овоз олгани англашилган ғарбпараст партияларнинг ғалабаси ортидан Президент Пётр Порошенко коалицион ҳукумат тузиш юзасидан музокараларни бошлашини маълум қилган.

Дастлабки натижаларга кўра, "Пётр Порошенко блоки" ва Бош вазир Яценюкнинг "Халқ Жабҳаси"нинг ҳар бири 22 фоиздан овоз олишган.

Олег Ляшконинг радикал миллатчи партияси ҳамда собиқ Бош вазир Тимошенконинг ""Батькивщина" си 5 фоиздан овоз олганлар.

Украина Президенти сайловчиларга "демократик, ислоҳотчи, украинапараст ва оврўпопараст кўпчилик"ни дастаклаганлари учун миннатдорчилик билдирган.

Бу Украинада собиқ Президент Янукович ҳокимиятдан четлатилганидан буён ўтган парламентга илк сайловлардир.

'Оврўпога йўл'

Парламентга ўтган партияларнинг деярли барчаси Украинанинг Оврўпо билан интеграциясини қўллаб-қувватлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Порошенко 10 кун ичида Украина тарихидаги энг яхши ҳукуматни тузишларини айтган

"Овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг 75 фоиздан кўпроғи Украина танлаган Оврўпо йўлини қатъий қўллаб-қувватладилар", - деб айтди Президент Порошенко.

У вақт йўқотмаслик учун коалицион ҳукумат тузиш юзасидан музокараларни душанба куниёқ бошлашини маълум қилди.

"Бизнинг ихтиёримизда 10 кун бор ва биз Украина тарихидаги энг яхши ҳукуматни тузишимиз зарур. Чунки бошқача ҳукумат Украина бугун юз тутган муаммоларни ҳал қилолмайди", - деган Президент Порошенко.

Мухбирларга кўра, олдиндан бораётган уч партиянинг барчаси қаттиқ оврўпопараст партиялар ва Президент Порошенкога демократик ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакат шарқидаги зиддиятга барҳам бериш учун қатъий мандатни беришлари тайин.

Россияпараст бўлгинчилар назорат қилаётган шарқий минтақаларда сайловчилар овоз беришмаган.

Бу мамлакат шарқидаги 3 миллион одам ва Қримдаги 1.8 миллион аҳоли сайловларда иштирок этмади, деганидир.

Украинанинг Олий Радасида 450 депутат ўрнига 423 депутат бўлади.

Парламентнинг Донецк ва Луганск вилоятлари, шунингдек, шу йил март ойида Россия аннекция қилган Қримга ажратилган қатор ўринлари бўш қолади.

Бўлгинчилар шарқий минтақаларда келаси якшанба куни ўзлари сайловлар ўтказишларини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ