Янги президентнинг 'тарих кўрмаган ишлаш услуби'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сўз ким ҳақида кетаяпти, десангиз, Афғонистоннинг янги президенти ҳақида. Унинг бир ойлик фаолиятига ким бундай баҳо берибди, деб қизиқсангиз, “Нью-Йорк Таймс”.

Америкада чоп этилувчи бу нуфузли нашрнинг ёзишича, президент Ашраф Ғани Афғонистон тарихида кузатилмаган янгича ишлаш усулларини тадбиқ эта бошлаган.

Давлат амалдорларининг зиёфатларини камайтириб, уларни ишлашга ундамоқда.

Бирор жойга борса, янги афғон президентининг кўчада юргани ҳам сезилмайди.

Чунки жаноб Ғани узундан-узоқ қўриқчилар карвони эмас, балки иккита-учта машина билан юради.

У ҳеч кимга билдирмай, мансабдорларнинг ишхонасига бориб текширмоқда.

Рафиқаси эса, Афғонистондагиси каби ўта анъанадор бир жамиятда омма олдига чиқмоқда, матбуотга гапирмоқда.

Афғонистоннинг янги президенти АҚШ халқаро Олийгоҳида таҳсил олган.

Анча муддат Жаҳон Банкида ҳам ишлаган.

Фаолиятини эндигина бошлаганига қарамай, президент Ғани киритган янгиликлар ҳам афғонларни ва ҳам хорижийларни ҳайратга солмоқда, деб ёзади “Нью-Йорк Таймс”.

Янгича ишлаш услуби

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Ашраф Ғани ўз саройидаги сарф-харажатларни ҳам қисқартирмоқчи.

Афғон амалдорлари собиқ президент Ҳомид Карзай даврида ўрганиб қолган тўкин дастурхону зиёфатларни ҳам камайтирмоқчи.

Яъни, президент Ғани бир мужда бермоқда – сарой учрашувлари лаззат эмас, иш учун.

Тўғри, у киритаётган янгиликлар ҳали улкан эмас, аммо натижалари катта бўлиши мумкин.

Собиқ президент Карзай саройга хос иш юритар ва келган меҳмонларни роса зиёфат билан сийларди.

Аммо Ашраф Ғани самарадор ва ўз феъл-атворига мос тарзда тез ишлашни истамоқда.

Аммо жаноб Ғанининг ғарбона усуллари ва тезкор табиати қатор афғон амалдорларига ғалати кўриниши мумкин.

Ўйлаб кўринг, президент Карзай кўчага чиқса, қўриқчи ва унга ҳамроҳлик қилувчи машиналар карвон бўлиб кетарди.

Аммо Ашраф Ғани бор-йўғи икки-учта машина билан пойтахт Кобул бўйлаб юради.

Собиқ президент Ҳомид Карзай кўчага сиқса, у ўтадиган йўллар соатлаб ёпиларди.

Аммо Ашраф Ғанининг қаерга боргани билинмайди ҳам, одамларга ноқулайлик туғдирмайди ҳам.

Бу - уни халққа яқинлаштириши мумкин, деб ёзади Американинг нуфузли нашри.

Бошқа томондан, у ҳеч ким кутмаган жойда пайдо бўлиб, ҳақиқий аҳволни текшира олади.

Яқинда, дейлик, полиция идорасига бориб, зобитлар ишга келганми-йўқми, деб текширган.

Ёки иш пайти гурунглашиб ўтирган полиция ходимларини саволга тутган.

Ёки, дейлик, янги президент режа бўйича бир касалхонага боради ва у ерда барча шифокорлар ишлаётганини кўради.

Аммо худди ўша оқшом ҳеч кимга айтмасдан яна шу касалхонага келади.

Лекин бу сафар шифохонада ҳеч бир докторни тополмаган. Кейин уларнинг ҳаммаси ишдан бўшатилган.

Осон бўлмайди...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

“Нью-Йорк Таймс” нашрининг ёзишича, афғон мулозимлари ва сиёсатдонларининг янги президент ишлаш услубини қабул қилишлари қийин кечиши мумкин.

Ашраф Ғани ўнқир-чўнқир йўлда тез машина ҳайдаб кетаётган одамга ўхшайди, деб айтди бир афғон амалдори. Бунақа йўлда машинани секин ҳайдаш керак, чунки йўл силлиқ эмас, - деб қўшиб қўяди бу мулозим.

Бошқа бир собиқ афғон мулозимининг иддао қилишича, янги президент 95 фоиз кучи ва вақтини давлат бошқаруви идораларига бағишламоқда. Сиёсат юритиш учун фақатгина 5 фоиз вақти қолмоқда.

Аммо Ашраф Ғани тарадфорлари бу гапларни рад этишади.

Уларга кўра, Ашраф Ғани аёллар ҳақ-ҳуқуқлари борасида кўп ишлар қилиши мумкин. Бунга унинг ўз рафиқаси омма олдига чиқаётгани ҳам бир мисолдир.

Ашраф Ғани афғон халқи тайёр бўлмаган ҳеч бир ишни қилмайди, дейди унинг маслаҳатчиси Довуд Султонзай. Лекин қора ва қолоқ кучлар мамлакатдаги тараққиётни орқага тортишига ҳам йўл қўйиб бермайди.

Янги президент фақат билимли, малакали ва лойиқ одамларни давлат ишларига олинишини истамоқда.

Масалан, барча вазирларга топшириқ бериб, ишга олинган ходимларнинг малакаси, таълими ва ишлаш тарихи ҳақида маълуомт беришни сўраган.

Бу эса, таниш-билишчилик ва Афғонистонда энг долзарб муаммо бўлган коррупциянинг илдизини қуритишда муҳим, деб кўрилади.

Аммо янги президентининг бир ойлик фаолияти борасида оддий афғон халқининг ўзи қандай фикрда?:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ