Жадал ислоҳотлар эркак ва аёллар ўртасидаги бўшлиқни камайтирмоқда

Жаҳон Иқтисод Форуми (WEF) нинг охирги маълумотларига кўра, эркак ва аёллар ўртасидаги ижтимоий фарқ камайиб бормоқда. Бунга аёлларнинг сиёсат соҳасига кириб боришлари ва кенгроқ иш имкониятларига эга бўлишлари сабаб бўлган.

Ташкилот 142 мамлкатдаги иқтисодий, соғлиқни сақлаш ва сиёсий ҳаётда иштирок даражасини ўрганиб чиққан.

Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ўрганувчи тадқиқот 9 йил аввал бошланган бўлиб, ўшандан бери 105 мамлакатда бу соҳада илгари силжиш рўй бергани, 5 та мамлакатда эса, аҳвол ёмонлашгани қайд этилган.

Исландия аёллар мавқеини яхшилашда охирги олти йил мобайнида мутассил равишда пешқадам бўлиб келмоқда, Яман эса энг ортда қолган мамлакат.

Умуман олганда, Финляндия, Норвегия ва Швеция дохил, Скандинавия мамлакатлари аёллар мавқеини яхшилаш бобида рўйхатнинг бошида турган беш мамлакат ичидадир.

Лекин, Британия бу соҳада саккиз табақа пастга, 26-нчи ўринга тушиб қолган. Руанда эса, 8 поғонага кўтарилиб, энг пешқадам 20 мамлакатдан бирига айланган. Бу Африка мамлакатлари ичида энг юқори ўриндир.

Жаҳон Иқтисод Форумига кўра, иқтисодий омил, яъни аёллар даромадларининг камайиши, Британия мавқеининг тушишига сабаб бўлган кўрсаткичдир.

Аммо, аёл ва эркак ишчилар маошлари ўртасидаги фарқ камайгани, вазир ва парламент даражасида аёлларнинг сони кўпайгани учун Америка Қўшма Штатлари рўйхатда уч поғона баландга кўтарилган.

Жаҳон Иқтисод Форуми ҳисоботи муаллифи Саъдия Заҳидининг айтишича, Руанда муваффақияти шундан иборатки, у ерда ҳозирда эркаклар сонига тенг аёллар иш билан бандлар. Вазирлар даражасида эса, аёл вазирлар сони эркак вазирлардан ҳам кўпроқ.

Кутилмаганда, Никарагуа аёллар учун энг яхши жой сифатида олтинчи ўринга кўтарилган (аввал 10-ўринда эди), Осиё мамлакатлари ичида Филиппин эса 9-ўринда.

Мамлакатларга тўрт соҳа бўйича баҳо берилган:

· Аёлларга ишлаш имкони яратилганми ва улар эркаклар билан тенг маош оладиларми?

· Қизларнинг таълим олиш имконлари борми?

· Улар сиёсий қудратга эриша оладиларми?

· Соғлиқни сақлаш соҳаси - нафақат ўртача умр кўриш даражаси, балки жамиятдаги аёл ва эркакалар нисбати.

Ана шу омиллар асосида Ҳиндистон бу йилги рўйхатда 13 та пастга тушиб кетган ва 114-ўринни олган.

Заҳиди хонимнинг айтишича, Ҳиндистондаги вазиятга баҳо аёлларнинг жамоат транспортидан фойдаланишлари қанчалари хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар асосида берилган.

Унга кўра, глобал миқёсда гапирилса, эркак ва аёллар ўртасидаги бўшлиқни камайишига хотин-қизларнинг борган сари кўпроқ сиёсатга кириб бораётгани ва улар учун ишлаш имкониятлари кенгаяётгани натижасидир.

Ҳисоботда айтилишича, охирги 10 йиллик ичида аёл ва эркакларга иш имкониятлари кенгайган. Аммо, 49 мамлакатда эркаклардан кўра кўпроқ аёллар ишлай бошлаганлар.

"Сиёсий соҳада - дунё бўйлаб парламентлардаги аёл вакиллар сони 26 фоизга ошган, аёл вазирлар бундан 10 йил аввалгига қараганда 50 фоизга кўпни ташкил қилган. Бу эса мамлакатлар иқтисоди ва маданияти учун улкан ўзгаришларни ангалатади".

Саъдия Заҳидининг айтишича, бунга, масалан, аёллар соҳасида махсус дастурлар ва квоталарнинг киритилиши орқали эришилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service