Пешмерга жангчилари Туркияга киритилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўнлаб йиллар давомида Туркия хавфсизлик кучларига қарши урушиб келган Курдистон Ишчи партияси жангчилари "Исломий Давлат" гуруҳи босиб олган Сурия-Туркия чегарасидаги Кобани шаҳрини озод қилиш жангларида қатнашиш учун Туркия ҳудудига кирганлар.

Айни пайтда Президент Башар ал-Ассад ҳокимиятига қарши урушаётган "Озод Сурия армияси" қўмондонининг Би-би-сига айтишича, 200 нафарча суриялик исёнчи ҳам Кобанига етиб борган.

150 Пешмерга жангчиларининг бир қисми 29 октябр куни эрталаб Туркия жануби-шарқидаги Санлиурфа аэропортига қўнган.

Яна бир қисми эса қурол-яроғлар, хусусан, замбараклар кажаваланган оғир юк автомобиллари билан қуруқлик орқали ҳаракатланмоқдалар.

Кобани шаҳри учун урушга киришмоқчи бўлган Ироқдаги курд жангчиларини ўз ҳудудидан ўтказишга Туркия ўтган ҳафта рози бўлган эди.

Туркияда истиқомат қиладиган курдлар Туркия ҳукуматининг Кобани борасида тутган сиёсатидан норози бўлдилар, протестлар уюштирилди.

Туркиянинг қатор нуқталарида норози курдлар билан полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Пешмерга жангчиларини олқишлаб минглаб курдлар кўчаларга чиққанлар.

Учоқдан тушган жангчилар автобусларга ўтирғизилган, Туркия хавфсизлик кучлари ҳамроҳлигида Туркия-Сурия чегарасига олиб кетилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Чоршанба куни курд жангчилари Кобанидан 16 километрча узоқликдаги Туркиянинг Суруч шаҳрига етиб боришлари, сўнг чегарадан ўтишлари мўлжалланган.

Туркия Кобани борасида халқаро босимлар остида қолган, дейиш мумкин.

Халқаро ҳамжамият Туркиянинг Кобани шаҳрининг "Исломий Давлат" қўлига ўтиши олдини олиш учун кўпроқ чораларга қўл уришини истаган.

Хусусан, Курдистон Ишчи партияси жангчиларини Туркия ҳудудидан ўтишларига изн берилишини хоҳлаганлар, аммо Туркия ҳукумати бошида бунга кўнмаган.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли мамлакати "Исломий Давлат" жангариларига қарши етарли чора кўрмаётгани ҳақидаги танқидларни рад этган.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Довутўғли айтишича, Туркия АҚШ етакчилигидаги коалициянинг амалиётларига қўшилиши мумкин, қачонки "интеграциялашган стратегия" Сурия Президенти Башар ал-Ассад кучларига қарши амалларни ҳам кўзда тутса.

Ироқ Курдистони парламенти Сурия Кобанисига 150 Пешмерга жангчисини йўллаш қарорини ўтган ҳафта қабул қилган эди.

Жангчиларни юбориш нега шу пайтгача чўзилгани сабаби аён эмас.

АҚШ ҳукумати Пешмерга жангчиларини Кобанига юбориш қарорини олқишлаган.

Би-би-си мухбирига кўра, Кобани учун жанглар АҚШ етакчилигидаги коалиция учун бир синовга айланган.

Бир неча ҳафтадан буён Кобани шаҳри ва атрофи ҳаво ҳужумларига тутилаётгани боис "Исломий Давлат" жангарилари шаҳарни тўла қўлларига кирита олмадилар.

Бироқ жанглар ҳамон давом этмоқда ва маҳаллий курд қўмондонларининг айтишларича, "Исломий Давлат" Кобани шаҳрининг 40 фоизча қисмини ҳалигача назорат қилиб турипти.

Кобани учун жанглар 200 мингдан ортиқ аҳолини Туркия ҳудудига қочиб ўтишга мажбур этган.

Бир ярим ойлик жанглар оқибатида 800 дан зиёд инсон ҳалок бўлган.