100 аёл 2014: 'У мени бўға бошлади'

Ҳиндистонда ҳар беш дақиқада маиший зўравонлик, қонунда таърифланган "эр ва ё унинг қариндошлари тарафидан шафқатсизлик" ҳоллари содир этилгани хабар қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Эрим хонага кириб келди ва эшикни қулфлади. Ташқарига овозим чиқмаслиги учун мусиқани баланд қилиб қўйди. Кейин камарини олиб, мени калтаклай бошлади. Шу зайл мени у 30 дақиқа тўхтовсиз урди".

Адити (ҳақиқий исми эмас - Би-би-си) маиший зўравонликка дуч келган миллионлаб ҳинд аёлларидан бири.

"Калтаклай туриб, у мени овоз чиқармаслигим, йиғламаслигим, қичқирмаслигимни айтиб огоҳлантирди. Агар аксини қилсам, бундан ҳам қаттиқроқ уришини айтди. Эрим мени камари, қўллари билан урар... кейин бўға бошлаганди. У шу қадар ғазаб отига минганди".

Адити айтаётган ҳодиса у бор-йўғи 19 ёшда пайти, "дабдабали тўйи"дан бир йил ўтиб, юз берган.

Тўйдан бир неча ой олдин уни эри билан бир дўсти таништириб қўяди. Бошида у "жуда жозибали, меҳрибон" бўлган. Аммо, бу ҳол узоққа чўзилмаган.

"Эрим бепарво бўлиб қолди ва мени ҳақоратлаб, турли номлар билан чақира бошлади. Аммо, отам ичувчи эди, онамни доим таҳқирларди ва буни ҳаётимнинг бир қисми деб ўйлардим".

"Бироқ, вазият ёмон тус олди", дейди Адити кўзида ёши билан.

"Йиллар оша таҳқирлар кучая борди. Мен агар унинг айтганини қилсам, ҳаммаси яхши бўлади, деган хаёлда эдим. Аммо, бундай бўлмади. У ҳар доим мени айблашга сабаб топарди. Ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзаси башорат қилиб бўлмас эди. Эрим кўчага чиқиб кетиб, қайтганидан кейин нима бўлишини билмасдим. У мени номлар билан чақирар ёки шунчаки калтакларди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Адити уйида 2012 йилнинг апрелигача, турмушга чиққанига роппа-роса 6 йил тўлгунга қадар яшайди. Кейин дўстларининг ёрдами билан қочиб кетишга муваффақ бўлади".

Бугун унинг ўтмиши ортда қолган. У ноҳукумат ташкилотидан иш топган ва ҳаётини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.

Аммо, Адити ёлғиз эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Маълумотларга кўра, сўнгги 10 йил асносида аёлларга қарши жиноят сифатида маиший зўравонлик хабар қилинган ва рақамлар борган сари ўсиб бормоқда.

Маиший зўравонлик Ҳиндистон учун ғайриоддий ҳолат эмас, бироқ унга қарши овоз чиқармаслик маданияти ҳамон сақланиб қолган.

Адити онасидан кўмак сўраганда жуда оз ҳамдардлик билдирилган.

"Мен кўкарган жойларимни кўрсатган пайтларим бўлган... У эса, бунга чидашим кераклигини, нима бўлмасин, турмушимни сақлаб қолишим кераклигини айтди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

2005 йил Ҳиндистонда аёлларни маиший зўравонликдан ҳимоя қилишга оид янги қонун чиқарилди. Аммо, қонун муаммони йўқотишга хизмат қила олмади. Чунки, унга кўра, жиноий жавобгарликка тортиш имконсиз.

Ҳукумат томонидан олиб борилган сўнгги оилавий сўровларга кўра, 54% эркак ва 51% аёл эр ўз хотинини калтаклаши одатий ҳолат деган фикрни билдирган. Яъни, уларга кўра, агар эрнинг қариндошларини ҳурмат қилмас, болалари ёки уйига беэътибор бўлса ва ё арзимас бир иш - овқатга тузни кўп ё-да, кам солиб қўйса, хотинни уриш мумкин экан.

Бу мавзуда батафсилроқ