'Ал-Ақсанинг беркитилиши "уруш эълон қилиш"га баробар'

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг сўзчиси Қуддуси Шарифдаги баҳсли иншоотнинг ёпилишини "уруш эълон қилиш" дея баҳолади.

Ҳарами Шарифнинг ёпилиши яҳудий фаоли отиб кетилиши ортидан юз берган зўравонликларга жавобан олинган.

Қуддуси Шарифнинг яҳудийларга беришини талаб қилиб келган яҳудий фаоли Еҳуда Глик жароҳат олган.

Исроил полицияси унга ўқ узишда шубҳа қилинган фаластинликни отиб ўлдирган.

Уйи ўраб олигган 32 ёшли Муатаз Ҳижозий полицияга қарата ўқ узгач, полиция уни отиб ташлаган.

Қуддуси Шарифдаги яҳудийларнинг энг муқаддас - "Йиғи девори" ва мусулмонлар учун муқаддас ал-Ақса масжиди ёнма-ён жойлашган.

Ҳижозий ўлдирилгани ҳақидаги хабар ёйилиши ортидан дарғазаб оломон шарқий Қуддуси Шарифда тўплана бошлаган.

Унинг уйига яқин кўчаларда юз берган тўқнашувларда полиция арабларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларини ишлатган.

Иншоотнинг мусулмонларга кириш ман қилинган қисмида ўнг қанот яҳудийлар ҳам кичик бир намойиш ўтказганлар.

Ал-Ақса масжидига киришга уринган бир неча шахс ҳибсга олинган.