Афғонистоннинг биринчи хоними: ‘Ниқоб – пардадир’

Рула Ғани Франция ҳукуматининг жамоатчилик жойларида хотин-қизларнинг ниқобда юришларини ман этишга оид қарорини дастаклашини билдирди.

Қўшни Афғонистоннинг яқинда қудратга келган президентининг рафиқаси бу ҳақда куни-кеча Франциянинг “Франс-Пресс”(AFP) ахборот агентлигига берган суҳбатида айтган.

Ғани хоним ўз суҳбати чоғида зиддиятли тақиқ хусусида француз ҳукумати билан буткул якдил эканини баён қилган.

Францияда хотин-қизларнинг кўча-куйда бошдан-оёқ ниқобда юришлари 2011 йилда қонун йўли билан ман этилган.

Янги қонун лойиҳаси муҳокама этиларкан, ўша пайтда Франция президенти бўлган Николя Саркози ниқоб аёллар нуфузи ва францияликларнинг жамиятга қарашларини таҳқирлаши ҳақида айтганди.

Аммо, ўз ўрнида, Франция раҳбари мусулмонларга тамға бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунга эҳтиёткор ёндашажагини ҳам баён қилганди.

Шунга қарамай, ушбу қонун расман қабул қилиниб, кучга кирган ва Франция ичкарисию ташқарисида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Француз ҳукуматининг танқидчилари эса, янги тақиқ айнан муслималарни кўзда тутганига оид фикрларни айтиб чиқишганди.

Ўша пайтда Францияда ўтказилган сўров натижалари француз аҳолисининг ярмидан кўпроғи ниқобга бутунлай тақиқ қўйилсин, деган истакда эканликларини кўрсатганди.

Расмий ҳисоб-китобларига кўра, Францияда ҳаммаси бўлиб 2 мингга яқин хотин-қиз ниқоб кияди.

“Худди пардага ўхшайди”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистоннинг янги биринчи хоними Франция ахборот агентлигига берган суҳбатида ниқобни “пардага” ўхшатган.

“Франциянинг хотин-қизларнинг эркин ҳаракатланиб, бемалол юришларига халақит берувчи ниқобга қарши қонунига келсак, мен бу борада француз ҳукумати билан мутлақ якдилман. Чунки ниқоб худди пардага ўхшаб кетади”, - деб айтган Ғани хоним ўз суҳбатида.

Ҳозир 66 ёшда бўлган Рула Ғани хонимга Франция яхши таниш: у ўз вақтида француз университетларининг бирида ҳам таҳсил олган.

Бундан ташқари, Афғонистоннинг янги биринчи хоними Ливан ва АҚШ етакчи университетларининг дипломанти.

Аммо яқинда Афғонистоннинг янги президенти этиб сайланган турмуш ўртоғи Муҳаммад Ашраф Ғани Молия вазири этиб тайинланган 2002 йилда у билан бирга Кобулга қайтган.

Энди эса, Афғонистоннинг собиқ биринчи хонимидан фарқли тарзда, Ғани хоним уйда ўтирмоқчи эмас.

Ўзининг сўзларига таянилса, хотин-қизлар, болалар ва қочқинларнинг ҳимояси йўлида фаол иш олиб бормоқчи.

Толибон ҳаракати Исломий Амирликка асос солган 90-йиллар охири ва 2000 йиллар бошларигача Афғонистонда ҳам хотин-қизларнинг худди паранжига ўхшаб кетувчи бурқада юришлари шарт этиб қўйилганди.

Аммо Толибон тузуми қулатилганидан 13 йил ўтиб ҳам, хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабаб, бутун Афғонистон бўйлаб бурқасидан воз кечмаган хотин-қизлар оз эмас.

Бундан ташқари, конституциясида Афғонистон Исломий Республика экани қайд этилган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Афғонистон янги биринчи хонимининг ниқоб масаласидаги сўзлари фақат ҳозир Францияда амалда бўлган қонунга берган муносабати билан чекланган.

Суҳбатнинг бирор бир ўрнида бурқа ҳақида сўз бормаган.

Энг сўнггида шуни ҳам эътироф этиш керакки, ўзининг матбуотга қанчалик очиқлиги билан Рула Ғани хоним аллақачон дунё бўйлаб кўпчиликни анчайин таажжубга ҳам солиб улгурган.

Жумладан, яқинда Би-би-сига берган суҳбатида Ғани хоним аёлларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни ошириш йўлида хизмат қилишини айтганди.

Бу мавзуда батафсилроқ