Исломий Давлат Ироқдаги қабиланинг 50 аъзосини ўлдирган

Исломий Давлат жангарилари Ироқ ғарбидаги Анвар вилоятида бир қабиланинг камида 50 аъзосини ўлдирганлар. Бу ҳақида Ироқ расмийлари ва қабила оқсоқоллари хабар тарқатишди.

Ал Бу Нимр қабиласи жиҳодчиларга қаршилик кўрсатгани учун унинг аъзолари ўлдирилгани айтилади.

Жума куни айни қабиладан бўлган одамларнинг оммавий қабрлари топилган. Гўрларда 80дан 220гача жасадлар ёппасига кўмилган бўлган.

Анбар вилоятининг расмийси Фалеҳ ал-Иссавий жума куни Рас ал-Маа қишлоғида сунний мусулмон аёллар ва эркаклар бир қаторга терилиб, жиҳодчилар томонидан отилганини билдирди.

Унга кўра, қурбонлар ўтган ой ИД ишғол қилган Ҳит туманидан бўлишган.

ИДга қарши шиалар бошчилигидаги ҳукумат курашига қўшилган Ал Бу Нимр қабиласи жангариларга қарши бир неча ҳафта қаршилик кўрсатиб келди, бироқ ИДнинг қўли устун келди.

Интернетда ўлдирилган одамлар акс этган видео нашр қилинган.

Таҳлилчиларга кўра, ИД ўз душманлари юрагига қўрқув солиш учун ёппасига ўлдириш каби усулни қўлламоқда.

ИД ҳозирда Ироқ ва Сурия ҳудудининг учдан бир қисми, хусусан Ироқнинг Анбар вилоятидаги катта ҳудудни эгаллаб олган ва янги ерларни ишғол қилишда давом этаяпти.