Бангладеш исломчилари раҳбарига ўлим жазоси берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бангладешдаги энг йирик исломий партиянинг иккинчи раҳбари 1971 йил Покистонга қарши урушда содир этган уруш жиноятлари учун ўлим жазосига ҳукм этилди.

Медиа магнат Мир Қосим Алига 14та жиноят бўйича айблов қўйилганди.

Улардан саккизтаси маҳкама жараёнида исботлангани хабар қилинади.

Жаноб Али Жамоати Исломийнинг охирги тўрт кун ичида ўлим жазосига ҳукм этилган иккинчи раҳбаридир.

Жамоати Исломий маҳкама ҳукмига эътирозан пайшанба куни 24 соатлик иш ташлашга чақирди.

Гуруҳ тарафдорлари ҳозирда партия раҳбари Мотиур Раҳмон Низомийга чиқарилган ҳукмга эътирозан иш ташлашган.

Жаноб Низомий ўтган чоршанба куни ўлимга ҳукм этилганди.

Маҳкамага кўра, жаноб Али раҳбарлиги остида Покистон армиясининг бангладешлик тарафдорлари 1971 йилда Бангладешнинг иккинчи йирик шаҳри - Читтагонгда "террорга йўл очиб берганлар".

Бангладешнинг Покистондан ажралиб чиқиш учун олиб борган мужодаласида қанча одам ўлгани борасида турлича рақамлар бор.

Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, уч миллионга яқин инсон ҳалок бўлган.

Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина озодлик уруши пайтида содир этилган жиноятлар бўйича 2010 йилда уруш жиноятлари трибуналини ташкил қилганди.

Аммо, мазкур маҳкама танқидчиларининг айтишича, ҳукумат трибуналдан ўз сиёсий рақибларидан қутилиш учун фойдаланмоқда.

Аввалроқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти - Хюман Райтс Уотч маҳкаманинг халқаро меъёрларга жавоб бермаслигини айтган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ