AI: Исроил Ғазога ҳужумларда "шафқатсиз бефарқлик"ка йўл қўйди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Amnesty International ўз ҳисоботида шу йил ёз ойларида Исроилнинг Ғазога ҳужумлари "уруш жиноятлари" даражасида бўлганлигини айтди.

"Вайроналар остидаги оилалар" деб номланган ҳисоботда июл ва август ойларида аввалдан огоҳ этмай аҳоли яшовчи уйларга қилинган 8 ҳужум мисол қилиб келтирилган.

Бу ҳужумлар оқибатида 62 ёш бола дохил 104 киши ҳалок этилган.

Amnesty International нинг айтишича, бу ҳужумларда бутун бошли уйнинг кулини кўкка совуришга қодир махсус бомбалар ишга солинган ва баъзида бутун бошли оилалар йўқ қилинган.

"Исроил кучлари аҳоли уйларини нишонга олишди. Уруш қонун-қоидаларини ошкорона бузишди ва оқибатларга нисбатан шафқатсиз бефарқлик намойиш қилдилар", деди ташкилотнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўлими раҳбари Филип Лютер.

Ушбу ҳужумлар даврида матбуотга гапирган қатор Исроил расмийлари фаластинлик жангрилар аҳоли турар жойларида яширинганлари учун нишонга олиганлигини такрор-такрор айтгандилар.

Amnesty International га кўра, агарда бу уйларда жангарилар яширинган бўлса ҳам, айни ҳолат у ердаги тинч аҳоли вакиллари ҳаётларини сақлаш учун барча имкониятни ишга солиш каби Исроил зиммасидаги масъулиятини бекор қилмайди.

"Аҳоли масканларига такрорий, беписанд ва бефарқ ҳужумлар Исроил кучлари тактикаси мутлақо хато ва Халқаро Инсонпарварлик қонунлари тамойилларига зид эканлигини англатади", деди Филип Лютер.

Ҳисоботда келтирилган мисоллардан бирида тўрт оиланинг 18 ёш бола дохил 36 аъзоси ўлдирилгани қайд қилинган.

Исроил улар яшаётган бино нима учун нишонга олинганлигини очиқламаган, аммо Amnesty International бино ичкарисида жангарилар бошпанаси мавжуд экани эҳтимолини аниқланган.

Лекин бошқа ҳолатларда ташкилот бинолар ичида жангарилар бошпаналари борлигига оид далилларни топа олмаган.

"Бу ҳолатда ҳужумлар фуқаролар ва фуқаро масканларини тўғридан нишонга олганлиги ва уруш жиноятлари, дея талқин қилиниши мумкинлигини англатади", дейилади Amnesty International ҳисоботида.

Ташкилот ўрганган ҳолатларнинг биронтасида ҳам ҳужум ҳақида аввалдан огоҳлантириш берилмаган.

"Фожеали томони шуки, бу қурбонлар берилмаслиги мумкин эди. Фуқаролар ўлимини камайтириш ва бунга эришиш усулларига эга бўлган Исроил расмийлари нима учун одамлар бўлган биноларни нишонга олинганлигини тушунтириб беришга масъул", дейди Филип Лютер.

Amnesty International нинг айтишича, Исроил томони ҳисоботда мисол келтирилган ҳужумларни шу вақтгача тан олмаган ва ташкилотнинг бу борада изоҳ бериш талаблари жавобсиз қолган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ