Донецк қақшатқич бомбардимон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Мухбиримизга кўра, артеллерия бомбардимони саккиз соатдан ортиқроқ давом этган

Украинанинг Донецк шаҳри тун бўйи қақшатқич артеллерия ҳужумлари остида қолган.

Би-би-си мухбири Даряна Майерга кўра, артеллерия бомбардимони ўтган ой давомида энг шиддатлиси бўлган ва саккиз соатдан ортиқроқ давом этган.

Унинг айтишича, бомбардимон икки томондан, ҳам исёнкорлар ва ҳам ҳукумат кучлари томонидан амалга оширилган.

Бу қақшатқич жангдан сал аввалроқ кузатувчилар исёнкорлар эгаллаб турган ҳудудларда кўп сондаги ҳарбий машиналарни кўришган.

Бу ҳарбий уловларнинг бирор белгиси бўлмаган.

Украина мулозимларига кўра, исёнкорларга Россия томонидан янги аслаҳалар етиб келган.

Москвадагилар бу каби хабарларни рад этади, аммо ўтмишда улар таътилда бўлган рус ҳарбийлари исёнкорлар сафида жанг қилишаётганини тан олишганди.

Апрел ойида россияпараст бўлгинчилар Донецк ва Луганск ҳудудларини эгаллаб олишганидан кейин жанглар бошланиб кетган ва оқибатда 4000 дан ортиқ инсон қурбон бўлган эди.

Сентябрда икки ўртада оташкесимга эришилган, аммо ўшандан бери ҳам юзлаб одамлар ўлдирилган.

Мухбиримизга кўра, Донецкда артиллерия ҳужумлари тўрт кун аввал бошланган, сал аввалроқ эса бу ерда мубоҳасали сайловлар кечганди.

Ҳозирга қадар тунги бомбардимон натижасида қурбонлар сони ҳақида хабар йўқ.

Россия минтақадаги сайловларни тан олган ва ўзини Донецк халқ республикаси деб атайдиган гуруҳга 38 ёшли россияпараст Александ Захарченко раҳбар этиб сайланган.

Бошқа бир сайлов натижасида эса Луганск халқ республикаси деган гуруҳ Игор Плотнитскийни раҳбар деб қасамёд эттирган.

Президент Порошенко исёнкорларни тинчлик шартномасидан воз кечишда айблаган.

Эндиликда исёнкорларга берилган махсус мухторият мақоми ҳам бекор қилиниши айтилган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ