АҚШ: Россиялик толиб айбига иқрор бўлмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA

Афғонистонда Толибон ҳаракати сафида жанг қилган собиқ Шўро аскари Ирек Ҳамидуллин ўзига қўйилаётган террорчиликка алоқадор айбловларни тан олмаган.

55 ёшли россиялик толиб Ричмонд штатида жума куни бўлиб ўтган иккинчи маҳкама тингловида ўзининг гуноҳсизлигини даъво қилган.

Хабарларга кўра, маҳкама жараёни бор-йўғи 15 дақиқа давом этган.

Ирек Илгиз Ҳамидуллинга жаъми 12 та айблов қўйилган.

Уларнинг орасида террорчиларни қўллаб-қувватлаш, Америка қирувчи тикучарини уриб туширишга уриниш ва оммавий қирғин қуролини қўллашга тил бириктириш айблари ҳам бор.

Агар, муовини Жеймс Жиллиннинг сўзларига таянилса, АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер собиқ Шўро аскарига ўлим жазоси берилишига эришмоқчи эмас.

Ирек Ҳамидуллин Афғонистондаги жанг жабҳасида қўлга олинган ва АҚШ фуқаровий маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган биринчи маҳбус бўлади.

Худди ана шу факт қатор экспертларнинг ҳам диққат-эътиборларидан четда қолмаган.

Уларнинг айтишларича, президент Барак Обама маъмурияти Ҳамидуллин мисолида АҚШ маҳкама тизими террорчилик билан боғлиқ жиноий ишларни ҳал қилишга қодир эканини кўрсатмоқчи.

Аммо, айрим республикачи конгрессменларнинг даъво қилишларича, бу каби жиноий ишларни кўриб чиқишга фақат ҳарбий трибуналлар ҳақлидир.

Америкадан олинган хабарларда маҳбуснинг илк маҳкама жараёнида деярли чурқ этиб оғиз очмагани айтилганди.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Ирек Илгиз Ҳамидуллин 2009 йилда, афғон чегара қўшинлари ва АҚШ кучларига қарши уюштирилган ҳужум ортидан қўлга олинган.

Шу пайтгача, яъни ўтган беш йил давомида Кобулдаги америкаликлар томонидан юритилувчи Багром қамоқхонасида тутиб турилган.

Яқинда эса, унинг маҳкамага тортиш учун Америкага ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Агар, 19 саҳифали жиноят иши тафсилотларига таянилса, Эрик Илгиз Ҳамидуллин собиқ Шўро Қуролли кучлари зобити бўлган.

1970-80-йилларда Шўро аскарлари сафида Афғонистонда жанг қилган.

Шўро қўшинларининг сафарбарлиги ортидан эса, Ватанига қайтмай, Афғонистонда қолган.

Айни шу жиноят ишида ёзилишича, шундан сўнг Афғонистондаги уч исёнчи гуруҳга қўмондонлик қилган.

Ирек Илгиз Ҳамидуллин Афғонистонда Америка ҳарбийлари томонидан тутиб турилган 13 та маҳбусдан биттаси бўлади.

Расмий Вашингтон шу йил охиригача уларнинг барчасини Америкага ўтказмоқчи.

Худди шу пайтга бориб АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги жанговар амалиётлари ўз ниҳоясига етади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ