Ҳавонинг икки йирик ифлослантирувчиси зарарли газларни камайтирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳондаги атмосферага энг кўп зарарли газ чиқарадиган АҚШ ва Хитой чиқиндиларни ҳавога чиқаришни камайтиришга ваъда берганлар.

АҚШ Президенти Барак Обама ва Хитой Президенти Жи Жинпингнинг Пекиндаги музокаралари якунида иссиқхона газлари миқдорини пасайтиришга розилик берилган.

АҚШ ҳукумати 2025 йилга бориб атмосферага чиқарилаётган иссиқхонаа газлари миқдорини 2005 йилдагига солиштирганда 26-28 фоиз камайтириш режасида эканини эълон қилган.

Хитой томони заҳарли газларни қанчага камайтиришни маълум қилгани йўқ, аммо 2030 йилга бориб газларни камайтириш мақсадида эканини билдирган.

АҚШ Президенти Барак Обама ушбу келишувни тарихий деб атаган.

Глобал иқлим исишига атмосферага кўп миқдордаги иссиқхона газлари чиқарилаётгани сабаб бўлаётгани айтилади.

Бунинг оқибатида табиий офатлар кўпайгани, қишда ҳаддан зиёд совуқ, ёзда эса ҳаво ҳарорати меъёрдагидан кўтарилиб кетаётганини айтадилар глобал иқлим исишига қарши кураш фаоллари.

АҚШ билан Хитойнинг сўнгги келишуви дунёнинг бошқа мамлакатларини ҳам тезроқ амалларга ундайди дея умид билдирилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хитой атмосферага 30 фоиз атрофида, АҚШ эса 15 фоиз атрофида иссиқхона газларини чиқараяпти, деб кўрилади.

Хитой иқтисоди жадал ривожланмоқда, бу эҳтиёжни қондириш мақсадида эса янги кўмир заводларини ишга туширишга тўғри келмоқда.

Бунга қарамасдан, Хитой ҳукумати зарарли газларни камайтириш қарорида қатъий эканини айтган.

Сентябр ойида БМТнинг глобал иқлим исишига бағишланган саммити бўлиб ўтган, унда Хитой яқин орада ўз режаларини эълон қилишини билдирган.

Мухбирларга кўра, АҚШ билан Хитой ўртасидаги сўнгги келишув узоқ музокаралар натижасидир.

Ҳали феврал ойида Пекинга сафар қилган АҚШ Давлат котиби Жон Керри ушбу масалани кўтаргани ва кейинроқ Президент Барак Обама Президент Ши Жинпингга бу борада мактуб йўллагани хабар қилинган.

Айни пайтда Американинг ўзида Президент Обаманинг иссиқхона газларини камайтириш режасини танқид қилмоқдалар.

"Бу - президент ўзининг сиёсий ворисига энергия нархлари кўтарилгани ва ишчи ўринлари қисқартирилишини мерос қилиб қолдириб кетадиган нореал қадам", деб айтган АҚШ Сенатидаги Республикачилар раҳбари Митч Макконнелл.