Розетта: Кометага қўнган роботнинг ҳаракати барқарор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Чоршанба куни тарихий қўнишни амалга оширган Фил роботининг жойлашиши қониқарли, деб хабар беради Оврўпо Фазо агентлиги олимлари Би-би-сига.

Модел кометадан илк суратларни жўнатишда давом этмоқда.

Оврўпо Фазо агентлиги муҳандисларига кўра, робот биринчи қўнган жойидан бошқа жойга силжиган.

Олимлар кометанинг юза қисмини ўрганишга умид қилмоқдалар. Бу Қуёш системаси ҳақида кўпроқ тасаввур қилиш имконини яратади.

Оврўпо Фазо агентлигининг Розетта кемасининг модули Ердан ярим миллиард км масофадаги 67P / Чурюмов-Герасименко кометасига қўниши фазовий тадқиқотлар тарихида илк бор содир бўлди. Кир ювиш машинаси ҳажмидаги робот чоршанба куни сунъий йўлдошдан ажралиб, етти соат давомида парвоз қилди ва кометага қўнишга муваффақ бўлди.

Қўниш Гринвич вақти билан соат 16.05да амалга ошди.

Олимлар Кометани ўрганиш фазовий тадқиқотлар тарихида улкан янгиликларни бериши мумкинлигини айтишмоқда.

"Бу фавқулодда муҳим ҳодиса,- дейди жараённи бевосита кузатаётган Британиянинг "Очиқ университети"дан Моника Грейди Би-би-сига. Биз бундан олдин ҳам кометаларга яқинлашганмиз, лекин ҳеч қачон бу қадар яқин бормаганмиз ва ҳеч қачон кометага қўнишни амалга оширмаганмиз".

"Агар ҳаммаси режадагидек амалга оширилса, Фил ва Розетта Қуёш системасининг келиб чиқиши ҳақидаги саволларга жавобнинг калити бўлади. Қаердан сув пайдо бўлган ва балки ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақида ҳам саволларга жавоб топармиз. Балки улар Ерга сув, органик молекалар олиб келгандир. Айнан шу нарсаларни биз аниқлаштиришга уринмоқдамиз", деб айтган Грейди хоним.

Ўтган асрнинг 90- йилларда қурилган Розетта кемаси 2004 йил айнан кометани ушлаш учун фазога учирилган.

Кометага қўнган робот ўзидаги микрокамералар воситасида умумий кўринишни суратга олади. Илк эксприментлар жамламаси қўнишдан сўнг 60 соат давом этади.

Режадаги қатор жиддий тадқиқотлар ўтказиш Филдаги қуёш батареяларининг муваффақиятли зарядлана олиши ва чангга тўлиб қолмаслигига боғлиқ.

"Бу айни пайтда ҳамма нарса, Исаак Нютондан тортиб, физика қонунларигача", дейди Оврўпо фозо агентлигининг профессори Марк Маккарин .

Мураккабликлардан бири эса эни 4 км лик муз тоғларидаги жуда паст гравитациядир. Номаълум хусусиятли Юзага қўнганда Фил ўзидаги ҳимоя воситаларидан қандай фойдалана олиши ҳали ноаниқ.

Қўниш моделининг раҳбарларидан Немис фазо агентлиги ходими Стефан Уламекка кўра, моделнинг оёқларига ўрнатилган воситалар қўниш қандай амалга оширилганига қараб ишга тушади.

Комета бундан 4,5 миллиард йил илгари Қуёш системасида пайдо бўлган дастлабки муҳим материаллар ҳақида маълумотларни бериши мумкин.

510 миллионлик масофадаги фазо кемасига Ердан радиотопшириқ етиб бориши учун қарийб ярим соат керак бўлади.