"Исломий давлат" яна бир америкалик "тутқунни ўлдирган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Абдул Раҳмон Кассиг иш устида

Интернетда "Исломий Давлат" гуруҳи жангарилари америкалик ёрдам ташкилоти ходими Абдул Раҳмон Кассигни ўлдирган лаҳзалар акс этгани даъво қилинган видеоёзув тарқатилган.

Видеода ниқоб кийган жангари танасидан жудо қилинган бош ёнида кўринади ва бу тутқунда ушлаб турилган Кассигники экани айтилади.

Шунингдек, унда бир гуруҳ Сурия аскарлари ҳам ўлдирилгани ҳам туширилган.

Аммо, видеоёзувнинг ҳақиқийми ёки йўқлигини тасдиқлаш имконсиз.

Петер деган номи ҳам бўлган жаноб Кассиг ўтган йил қўлга олинган эди.

Октябр ойи ИД британиялик ёрдам ходими Алан Ҳеннинг ўлдирилгани акс этган ва Кассигга таҳдид билан тугаган видеони тарқатганди.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашига кўра, жосуслик жамоаси сўнгги видеоёзувнинг ишончлими йўқлигини аниқлашга уринмоқда.

"Агар бу тасдиқланса, бегуноҳ америкалик ёрдам ходимининг шафқатсиз қатл қилиниши бизни даҳшатга солади ва биз унинг оиласи ҳамда дўстларига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз", деб айтган Миллий Хавфсизлик Кенгаши сўзчиси Бернадетт Миҳан.

Жаноб Кассигнинг Индиана штатида яшовчи ота-онаси ўтган ой ўғиллари ёзган мактубнинг парчаларини ошкор қилишганди.

Хатда тутқунликдаги қийинчиликлар ҳақида гапирилган.

"Инсон бошидан кечириши мумкин бўлган энг оғир нарса бу, мисли кўрилмаган кўрилмаган даражада асабийлик ва қўрқув", деб ёзган ёрдам ходими.

"Улар сиз биздан воз кечганингизни ёки нима бўлаётгани сизни қизиқтирмаётганини айтишади. Аммо, албатта, сизлар қўлингиздан келгунча ва ундан ҳам ортиқ ҳаракат қилаётганингизни биз биламиз", дейди у яна.

"Отажон, хавотир бўлманг, агар мен ўлсам фақат Сиз ва Онам мени қанчалар севишларига ишониб...кетаман. Сизга ва Онамга осмондаги ойу юлдузлардан ҳам кўпроқ раҳматлар айтаман”.

Кассиг 26 ёшда бўлган ва у собиқ Америка аскаридир.

У Ироқ урушида ҳам қатнашган.

Кейинроқ у фавқулодда тиббий ёрдам бўйича таҳсил олган, 2012 йилда Ливанга сафар қилиб у ерда фаластинлик қочқинларни даволайдиган касалхоналарда ишлаган.

Орадан бир муддат ўтиб у Суриядан қочиб келганларга ёрдам кўрсатган.

У Махсус Фавқулодда Ёрдам ( Sera) ташкилотига асос солган, кейинроқ бу ёрдам ташкилоти қароргоҳини Туркия жанубига, Сурия билан чегара минтақасига кўчирган.

У ўз ташкилоти амалиётини чегаранинг хар икки томонида йўлга қўйган эди.

2013 йил октябр ойида Кассиг шарқий Сурияда қўлга олинган эди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ