"Йирик 20" Россияга қарши янги чораларни муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Австралиянинг Брисбан шаҳрида очилган "Йирик 20"нинг саммитида асосий мавзу иқтисодий ислоҳотлар бўлса-да, жаҳон раҳбарлари Россиянинг Украина инқирозидаги ролини ҳам муҳокама қиладилар.

"Мен мунозалар иқтисодий ислоҳотларга асосий эътиборни қаратишини хоҳлардим, лекин бу сизнинг учрашувингиз ва ҳар бирингиз истаган мавзунгизни кўтаришингиз мумкин", - деди Австралия Бош вазири Тони Аббот икки кунлик саммит очилишида.

"Йирик 20" саммити очилишидан бир кун аввал сўзлаган Россия Президенти Владимир Путин Ғарб давлатлари Россияга қарши киритган санкциялар нафақат "Йирик 20" фаолияти, балки халқаро қонунлар ва Жаҳон Савдо Ташкилоти тамойилларига зид эканини айтган.

Бироқ, кўплаб ғарблик раҳбарларнинг баёнотларига кўра, Брисбанда Москвага қарши янги санкциялар киритилиши ҳақида келишувларга эришилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Владимир Путин совуқ муносабатга юз тутмоқда

Оврўпо Иттифоқининг Президенти Херман ван Ромпей шанба куни "Йирик 20" таркибидаги Оврўпо раҳбарлари Украинадаги вазиятни Барак Обама билан муҳокама қилишларини билдирди.

Саммит бошланишидан аввал жаноб Обама АҚШ жаҳондаги энг қудратли давлат сифатида Украинадаги Россия тажовузига қарши чиқишда асосий ролни ўйнашини айтган.

"Биз Ғарбий Африкадаги Эболага қарши курашда ва Россиянинг Украинадаги тажовузига қарши чиқишда етакчи ролни ўйнаяпмиз. Бу тажовуз бутун жаҳонга таҳдид солади, ва буни МН17 рейсининг даҳшатли фожиаси мисолида кўрдик", - деди Обама.

Ўз ўрнида Ван Ромпей Брисбанда ўтган матбуот анжуманида: "Россия Украина ҳудудига ўтаётган қўшинлар ва қурол-аслаҳа оқимини тўхтатиши керак ва аллақачон у ерда бўлган қўшинларини олиб чиқиши керак", - деб айтди.

У душанба куни Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар вазирлари Украинадаги вазиятни ва Россияга қарши янги санкциялар киритиш масаласини муҳокама қилишларини маълум қилди.