Москвада ишлаш патенти уч бараварга қимматлади

Москва шаҳар Думаси маъқуллаган қонунга кўра, хорижий меҳнат муҳожирлари тўлайдиган патент мидори 3.2 фоизга кўпайтирилди.

Бундан буён Москвада хориж фуқаролари учун белгиланган аванс тўлови бир ойга 4 минг рублни (тахминан 85 АҚШ доллари) ташкил этиши керак.

Ҳозирга қадар ушбу тўлов 1216 рублни (тахминан 26 АҚШ доллар) ташкил этаётганди.

Москва Давлат думаси веб саҳифасида нашр этилган хабарга кўра, пайшанба куни "Москва ҳудудида меҳнат бозорининг минтақавий хусусиятларини акс эттирувчи коэффицентни аниқлаш" ҳақидаги қонун маъқулланди.

Ушбу қонунга кўра, 2015 йил 1-январидан бошлаб, Россия виза талаб қилмайдиган мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирлари, жумладан Марказий Осиёликликлар, бир ойга тўрт минг сўм патент тўлагандан кейингина ишлаш ҳуқуқига эга бўлишади.

Патент муддати бир ойдан бир йилгача бўлади.

Бундан ташқари хориж давлат фуқаролари рус тили бўйича имтиҳон топширишлари ва тиббий суғурта сотиб олишлари зарур.

Москва расмийлари ҳисоб-китобига кўра, янги тартиб жорий этилгач, Россия пойтахти бюджети тахминан 12 млрд рубль, яъни чорак миллиард доллардан кўпроқ даромад кўриши мумкин.

Экспертлар фикрига кўра, бундан буён муҳожирларга Москвада ишлаш йилига тахминан икки минг долларга тушади.

Кузатувчилар янги қонун кучга кириши билан "ноқонуний муҳожирлар" сони ортишини башорат қилишмоқда.

Қонун кучга киришидан икки кун муқаддам президент Владимир Путин муҳожирлар ҳақидаги қонунлар ислоҳ этилишини маълум қилганди.

Россия Федерал Миграция Хизмати маълумотига кўра, шу йилнинг июн ойида Россияда ўн бир миллиондан зиёд хориж фуқароси бўлган.

Россияга келиб ишлаётган хорижликлар адади бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан икки ярим миллион одам Россияда меҳнат қилмоқда.

Биргина Москванинг ўзида бир миллиондан зиёд хориж фуқароси ишлайди.

Шу йил боши кучга кирган тартибга кўра, хориж фуқароларининг Россияда туриш муддати 90 кундан ошмаслиги керак.

Ушбу тартибни бузган хориж фуқаролари Россиядан депортация қилинади ва уларнинг мамлакатга қайтиб кириши беш йилга тақиқланади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ