Ҳусни Муборакдан намойишчиларни ўлдириш айблови олиб ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Миср маҳкамаси қудратдан ағдарилган президент Ҳусни Муборакнинги ишини қайта кўриб чиқиб 2011 йилда унинг бошқарувига қарши чиққан намойишчиларни ўлдиришга тил бириктириш айбловини олиб ташлаган.

Мисрни ўттиз йил давомида бошқарган 86 ёшли Ҳусни Муборак 2011 йил бошида келиб чиққан пойтахт Қоҳира ва бошқа шаҳарлардаги оммавий кўча намойишлари ортидан қудратдан ағдарилган ҳамда 2012 йилнинг июн ойида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Собиқ президент Муборак ва унинг собиқ ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий намойишчиларни ўлдиришда айбдор деб топилган эди.

Муборак бошқарувига қарши намойишларда 850 намойишчи ўлдирилган.

Қоҳира полиция академиясидаги маҳкама собиқ ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий ва унинг олти ёрдамчисини ҳам оқлаган.

Шунингдек, маҳкама Ҳусни Муборакка қўйилган Исроилга газ экспортига алоқадор коорупция айбловини ҳам бекор қилган.

Собиқ президент ва собиқ ички ишлар вазири 2012 йил июнида бир умрлик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган, аммо 2013 йилдаги маҳкама жиноят ишларини қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор чиқарган.

Ҳозирги пайтда Ҳусни Муборак давлат маблағларини ўзлаштириш айблови бўйича уч йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

2011 йил бошидаги ҳодисаларда ўз яқинларидан айрилган мисрликлар Ҳусни Муборак устидан қайта маҳкамани хавотир билан кузатганлар.

Ўзининг рафиқасидан айрилган Маҳмуд Иброҳим Али ўзининг жорий адлия тизимига ишончи камлигини, бу тизим ҳукумат буйруғини бажаришини айтган.

"Режим ўша-ўша. Номлар ўзгарган, лекин қолган ҳамма нарса олдингидек", деб айтган у.

Ҳусни Муборакдан кейин сайланган "Мусулмон биродарлар" партияси раҳбари Муҳаммад Мурсий ҳокимиятда атиги бир йил бўлди.

2013 йил июлида Мурсийга қарши оммавий намойишлар ташкил қилинди, ҳарбийларнинг давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятдан ағдарилди.

Армия раҳбари Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси ҳарбий лавозимидан воз кечиб, номзодини президентлик илгари сурди.

Мухбирларга кўра, Ас-Сисининг ҳозирги бошқаруви остида телевидение ва рўзномаларда Муборак бошқаруви ҳақидаги танқидлар тўхтатилган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ