Молдова "Оврўпо Иттифоқи ва Россия ўртасида танлов" қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Молдоваликлар Оврўпо Иттифоқи ва Россия ўртасидаги танлов деб кўрилаётган парламент сайловларида овоз бермоқдалар.

Яқин кунларда ўтказилган оммавий фикр сўрови Оврўпо Иттифоқи билан яқинлашиш тарафдори бўлган партияларга кўпроқ овоз берилишини башорат қилган.

Сайлов арафасида Россияпараст бир партия сайловда иштирок этишдан четлатилганини расмий Москва қоралади.

Украинадаги қонли можаро соясида Молдовадаги сайлов алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Украина каби Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ савдо алоқаларига имзо чеккан Молдова ҳам Россиянинг тобора кўп босимига учрамоқда.

Молдованинг 101 ўринли парламентига 2.7 миллион сайловчи овоз беради.

Бироқ, Россия дастаги остидаги бўлгинчи Приднестровье сайловда иштирок этмаяпти.

Молдова Бош Вазири Юрие Лянкэ ўз давлати 2017 йилга келиб Оврўпо Иттифоқига номзодликни қўлга киритиши ва 2020 йилга бориб тўлақонли аъзо бўлиб киришини истайди.

Унинг коалицион шериги - Демократик партия ҳам мўътадил Оврўпопарастдир.

Энг ашаддий Оврўпо ва НАТО тарафдори бўлган Либераллар партияси ўтган йили ҳукмрон коалициядан чиқиб, мухолифат тузганлар.

Оммавий фикр сўровлари учта Ғарбпараст партия 43% овозни олишини башорат қилмоқда.

Совет давридан қолган Коммунистлар партияси ва ҳамда яна бир Россияпараст Социалистлар партияси халқ орасидаги тарғиботни кучайтириш, хусусан Россия поп юлдузлари концертларини ташкил қилиш ёрдамида ўзларига бўлган дастакни оширганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002