Миср: Муборак оқланишидан норозилар кўчаларга чиқишди

Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакга нисбатан уч йил аввалги ғалаён чоғида тинч намойишчиларни ўлдириш айби бекор қилинар экан, юзлаб ғазабнок мисрликлар кўчаларга чиққанлар.

2011 йилги инқилобнинг туғилган жойи деб билинган Қоҳирадаги Таҳрир майдонига 2 минг нафарча одам йиғилган. Полиция уларга қарши кўзни ёшлантирувчи газни ишга солган ва тўқнашувларда камида бир киши ҳалок бўлгани айтилади.

Муборак жаноблари аввалроқ умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинганди, бироқ қайта очилган маҳкама уни оқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қарор ортидан телевидение орқали гапирган Муборак "ҳеч нотўғри иш" қилмаганини айди.

86 ёшли собиқ президент давлат пулларини талон-тарож қилиш айби билан уч йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Таҳрир майдонида бўлиб ўтган намойиш аввалгиларига қараганда кичикроқ эди, бироқ мухбиримизга кўра, у рамзий жиҳатдан муҳим эди.

Майдонга ҳам либераллар, ва ҳам исломчилар йиғилишган ва озодлик чақириқлари янграган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Мухбиримиз Орла Гериннинг айтишича, майдонга етиб келган полиция кўзни ёшлантирувчи газни қўллаб оломонни саросимга солиб қўйди. Ўқ овозлари ҳам эшитилган.

Мисрнинг ҳарбий ҳукумати рухсатсиз намойишлар ўтказилиши таъқиқлаб қўйган.

Муборак ҳозирда ҳарбий касалхонада қолмоқда. У яна бир неча ойдан сўнг озодликка чиқиши кутилади.

Собиқ президент 2011 йил 11 февралда истеъфога чиққанди, бироқ шу санага етаклаган бир неча ҳафталик ғалаёнларда камида 800 киши хавфсизлик қўшинлари томонидан ўлдирилган.

Ҳалок бўлган намойишчиларнинг оилалари маҳкаманинг охирги қарорини эшитиб ғазаб отига минганлар.

"Қашшоқлар учун ҳеч қандай адолат йўқ. Мана сизга Муборакнинг қонуни", - деди Александриядаги намойишларда ўғли Муҳаммаддан айрилган Рамазон Аҳмад.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002