Толибларни даволаган руҳшунос

Image caption Толибларни даволаган руҳшунос

Тўқсонинчи йиллар охирларида Толиблар деярли бутун Афғонистон устидан назорат ўрнатишганди.

Аммо жангу жадаллар Толибон аскарларининг руҳиятига ҳам таъсир қилган ва бундан озор чекаётганлар оз эмас эди.

Шифокорлардан бири бу муаммони кўра билди.

Гарчанд, Толибларнинг ғоясига қарши бўлса ҳам уларга ёрдам беришга рози бўлди.

"Менинг ҳузуримга илк толиблар гуруҳи келгани ёдимда...улар доим гуруҳ бўлиб келишарди. Улардан бирини даволасам, бу аскар бориб бошқаларга айтар эди”, дейди психолог Нодир Алеми.

"Жангарилар қўлларида менинг исмим ёзилган қоғоз билан пайдо бўлишарди, улар ўз дўстларининг шифо топганларини ва ўзлари ҳам даволаниш истагида эканларини айтишарди... Толибон аскарларининг аксарияти ҳеч қачон шифокор ҳузурида бўлмаган эди”, деб хотирлайди Нодир Алеми.

Афғонистонда анчайин таниқли шифокор Нодир Алеми Мозори Шарифда истиқомат қилади.

Шаҳарни Толиблар 1998 йилда ишғол қилишганди.

Толиблар жанг майдонларида бирин-кетин муваффақиятга эришар экан, аскарлар уруш даҳшатларидан руҳий босим остида қолишганди.

Алеми шимолда Толиб жангариларининг паштун тилини тушунадиган ягона психолог шифокор эди.

"Тил масаласи жуда муҳим эди, мен паштун тилида гаплашаман, шунинг учун ҳам анча осон бўлган эди”, дейди у.

Восвосга чалинган қўмондон...

Image caption Нодир Алемининг шифохонаси

Кунлардан бири Толибларнинг маҳаллий ҳокими Ахтар Усмоний уни ҳузурига чорлади.

Ахтар Усмоний ўша пайтда Мулло Умарнинг ўнг қўли бўлган.

"У турфа овозларни эшитиб, қайсидир маънода восвос бўлиб қолганди. Унинг танқўриқчилари кечалари босриқиб, бақириб чиқишини айтишди”, деб хотирлайди шифокор.

Ахтар Османий қўл остида ишлайдиганлар, баъзида, ўз соҳиблари уларни ҳам танимай қолишидан арз қилишарди.

"Бу одам жабҳа чизиғида қанчалар узоқ йиллар бўлгани, ўз қаршисида қанча одам қатл қилингани ва неча марта портлашлар орасида қолганини Худо билади...Ана ўша портлашлар, инсонлар фарёди эндиликда унинг миясида акс-садо топаётганди...”

Алеми Мулло Ахтарни даволаш учун бир неча муолажалар тайинлайди. У эса атиги бир неча маротаба даволанади, орадан анча вақт ўтиб, 2006 йилда ҳаво ҳужумлари оқибатида восвосга чалинган Толибон қўмондони қурбон бўлади.

Алеми бошқа юқори лавозимли Толибон мулозимларини ҳам даволаган.

“Биз қайсидир маънода дўст бўлиб қолгандик...Улардан бири депрессия ва сурункали оғриқдан азият чекарди. Мен унга дори ёзиб бергандим”, деб хотирлайди у.

"Менинг ҳузуримга даво истаб келганларнинг аниқ сонини билмайман, аммо ишонаманки, улар мингларчадир...Уч йил толибларни даволадим”, дейди шифокор.

Нодир Алемининг толиб аскарларидан бўлмиш мижозлари орасида ҳеч қачон шифокорга мурожаат қилмаганлари талайгина эди.

Уларнинг деярли барчаси...жанглардан бўшамаган аскарлар эди.

"Ўзимни ўлдирардим, аммо..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Аскар

"Ўз руҳиятларидаги талотўпларни жангарилар ҳаётларида барқарорлик бўлмагани билан изоҳлашарди...яъни, эртага нима бўлади деган саволга жавоб йўқ эди уларда...Ўз ҳаётларини ўзлари назорат қилишмас, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт тизгини қўмондонлар қўлида эди. Улар тушкунликка тушишганди, чунки нафақат эртага, яна бир дақиқадан кейин нима бўлишини билишмасди”, дейди Нодир Алеми.

Шифокорга кўра, аксарият ўз оилаларини, фарзандларини ойлаб кўришмаган, аксар жангарилар ўлишни исташлари ҳақида очиқдан очиқ айтишган.

"Улар менга ўз жонларига қасд қилишни исташлари, аммо Ислом қадриятлари бунга йўл қўймаслигини айтишарди”, деб хотирлайди шифокор.

Доктор Алеми Толибларни даволар экан, унинг рафиқаси Парвин Алеми эса...100га яқин қизларга яширинча дарс берарди.

Толиблар даврида қизларнинг ўқиши мутлақо тақиқланганди.

Алеми хоним ўз толиба қизларига адабиёт, тил, математика ва диний китоблардан сабоқ берарди.

"Мен фақат қизалоқларга билим беришни истаган эдим. Ҳозир собиқ талабаларимнинг айримлари шифокор, инженер ва ўқитувчи бўлиб етишишган”, дейди Алеми хоним.

Алеми хоним ўз қизларини ҳам шу йўл билан ўқитган эди.

Ҳозир уч қизнинг иккиси ўқитувчи, бири эса шифокор.

Албатта, Алеми хонимнинг бу амали ўта хатарнок эди.

Орадан 15 йилдан ортиқроқ вақт ўтди... Шифокор Нодир Алеми ҳамон афғон урушидан озурда бўлган ватандошларини даволайди. Унинг касалхонасида ҳузурига кираман деб келганлар турнақатор навбатга туришади.

Аксарият тушкунлик, босриқиш ва кайфиятнинг муқим бўлмаслигидан арз қилади.

Доктор Алемига кўра, муаммолар ўша-ўша...ҳеч ким эртага уларни нима кутаётганини билмайди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002