Россия Президенти Владимир Путин Анқарага борди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия президенти Владимир Путин расмий сафар билан бугун Анқарага ташриф буюрган.

Икки томонлама музокаралар мобайнида Сурия ва Украина борасидаги келишмовчиликларга қарамай, асосан иқтисодий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратишга ҳаракат қилиниши айтилмоқда.

Туркия Россиянинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ва Россия газининг йирик харидоридир, келажакда икки мамлакат ўзаро савдони уч баравар ошириш ниятида. Аммо сиёсий масааларда анчайин келишмовчиликлар бор.

Булар, хусусан, Сурия можароси ва Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинганига боғлиқ. Путиннинг ташрифи олдидан Анқарага борган Қрим татарлар раҳбарлари Жемилев ва Чубаров бошчилигидаги делегация Эрдўғон билан учрашган. Туркия Президенти уларга россиялик ҳамкасби билан учрашувда қрим татарлар масаласини кўтаришга ваъда берган.

Душанба куни Анқарада Россия-Туркия ҳамкорлик кенгашининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Жаноб Эрдўғон президент сифатида биринчи бор кенгашга раисдошлик қилади.

Учрашувнинг асосий мавзуси албатта савдо-иқтисодий алоқалар, хусусан Россия гази таъминоти бўлиши кутилмоқда.

Туркия Олмониядан кейин Россия гази энг кўп экспорт қилинадиган иккинчи мамлакат ҳисобланади. Россия ташқи савдосида Туркия еттинчи ўринни эгаллайди.

2013 йилда товар айирбошлаш 33 миллиардни ташкил қилган. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, ўтган 10 ой ичида бу кўрсаткич ярим фоизга ошган.

2013 йилда "Газпром" Туркияга 26,7 млрд кубометр газ етказиб берган. АҚШ ва Оврўпо давлатлари томонидан Россияга Украинадаги сиёсати сабабли босим кучаяр экан, Путин Туркиядан яқин ҳамкор сифатида дастак кутиши тайин.

Путин жаноблари ўзининг ташрифи олдидан Анадолу агентлигига берган интервюсида, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлашни яқин йилларда 100 миллиард долларгача етказиш мумкинлигини айтган. У шунингдек, Туркиянинг Россияга қарши санкцияларга қўшилмаганини эътироф этар экан, бу Туркия қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун Россия бозорига кўпроқ кириб боришига имкон яратади, дея таъкидлаган.

Туркия ҳам Оврўпо Иттифоқининг Украинадаги вазият боис Россияга санкциялари ва унга жавобан Москванинг Оврўподан импорт маҳсулотларни чеклаши манзарасида ўз экспорти миқдорини ушбу мамлакатга оширишдан манфаатдор ва нефт нархининг туширилишидан умид қилади.

Шунингдек, томонлар Суриядаги вазиятни алоҳида муҳокама этишлари керак.

Бироқ икки мамлакатнинг Сурия бўйича тутган мавқеи жиддий фарқ қилиши маълум. Анқара Башар Ассад режими алмашиши тарафдори, Россия эса расмий Дамашқ тутган сиёсатни қувватлаётган саноқли давлатлардан бири. Олдинроқ Москва Сурия ҳукумати ва мухолифат ўртасида сиёсий мулоқотни тиклашда воситачиликни таклиф қилган.

Сурия ҳукумати бундан аввал бир неча бор Анқарани Туркия ҳудудида жангариларни тайёрлаш жамлоғларига ёрдам бераётганликда айблаган. Путин ва Эрдўғон учрашувида Сурия ҳукумати айтган жангарилар жамлоғлари, "Исломий давлат"нинг минтақага хатари ҳам муҳокама қилинади.

Россия вакили Ушаковнинг журналистларга билдиришича, айни пайтда турли соҳага таалуқли 10 га яқин ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Улар орасида энергетикага, Туркияда қурилаётган биринчи атом электр станциясига оид ҳужжатлар, ҳамда икки томонлама ҳуқуқий ёрдам ва экстрадиция борасидаги келишувлар бор.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002