Афғонистон иқтисодини анор экспорти билан қутқариш мумкинми?

Image caption Деҳқонлар анордан кўра, мўмай даромад келтирадиган кўкнор экишни маъқул кўришади.

Афғонистон ҳукумати вакиллари ва халқаро донорлар Лондонда Афғонистоннинг келажагини муҳокама этишмоқда.

Декабр ойи охирида хорижий қўшинлар бутунлай чиқиб кетиши кутилаётган Афғонистонга ўн миллиардлаб доллар ёрдам берилганига қарамай, мамлакат иқтисоди ҳануз заиф ва ташқи кўмакка муҳтож.

Қишлоқ хўжалиги Афғонистон иқтисодининг энг муҳим соҳаси ҳисобланади. Ҳозирча ушбу соҳа, асосан, камбағал деҳқон хўжаликларидан ташкил топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Мутахассисларга кўра, Афғон анорлари дунёда энг сифатли анорлардан.

Аммо келажакда ўз маҳсулотлари, жумладан, машҳур афғон анорларини экспорт қилиш йўли билан даромадли соҳага айланиши мумкинми?

Би-би-си мухбири Довуд Қоризода афғонистонлик деҳқонлар билан учрашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи f
Image caption Анорлар афғон иқтисодининг муҳим бир қисмига айланиши мумкин.

Жанубий Қандаҳор вилоятида ҳосил мавсуми охирлаб бормоқда. Боғбонлар энг охирги қирмизи анорларни авайлаб, қўл билан битта-битта узиб, саватларга қўйишади.

Афғонистонда ёнғоқ ва узум билан бирга, анор энг қийматли ва энг кўп истеъмол қилинадиган мевалардан бири саналади.

Аммо анор етиштираётган боғбонлар озчилик. Афғонистон жанубидаги кўпчилик деҳқонлар ҳали ҳам кўкнор етиштириш билан машғул. Кўкнор эса гиёҳванд моддалар савдоси ва уруш деганидир.

Image caption Анор кўкнорининг ўрнини боса оладими?

Кўкнор бутун бошли боғдорчилик соҳасидан 14 баравар кўпроқ даромад келтиради. Афғон ҳукумати мамлакатнинг заиф иқтисодини ривожлантириш учун деҳқонларни кўкнордан воз кечиб, қонуний экинлар экишга ишонтиришга уринмоқда.

Кобулдаги омборхонада анор солинган қутилар юк машиналаридан тушириб олиниб, омборга жамланади. Ишнинг энг қийин томони анорларни бу омборхонадан ташқи бозорга олиб чиқишдир.

Нажла Ҳабибёр қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти учун масъул ҳукумат мулозими. У экспортни амалга оширишдаги қийинчиликлар ҳақида гапиради.

Хавфсизлик бизнинг экспортимиз учун ягона муаммо эмас. Энг асосий муаммолар маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва қутилашдир. Афсуски, бизда энг охирги текширувларни амалга оширадиган халқаро миқёсда тан олинган бир идора йўқ. Биз ўзимиздаги инфратузилманинг ишлаши учун халқаро донорларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтожмиз, дейди у.

Аммо ҳозирда анорлар муаммонинг ечими бўлиши учун имконият пайдо бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Британиялик ишбилармон Адам Питчард афғон анорлари катта саноатга айланади, дейди.

"Мен шунга амин бўлдимки, Афғонистон анорлари дунёдаги энг яхши анорлар. Аммо уларни олиб келиш, транспорт масаласида қийинчилик бор. Бу муаммо ҳал қилинса, анорлар афғон иқтисодининг муҳим бир қисмига айланиши мумкин", деб айтади британиялик ишбилармон Адам Питчард.

Жаноб Питчард икки йилдан буён афғон анорларининг импортини йўлга қўйиш устида ишламоқда. У афғон анорларидан Англия жануби ғарбидаги заводида шарбат ишлаб чиқармоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Анор шарбатларига Британияда талаб катта.

"Афғонистон субсидия ва хайрия ёрдамлари билан оёқда туролмайди. Масалан, Англияда олма саноати ривожланган, биз олма етиштирамиз ва ўз олмаларимиздан шарбат ишлаб чиқарамиз. Афғонистоннинг эса анори бор. Мен ишонаманки, вақти келиб, анор Афғонистонда жуда катта саноатга айланади", дейди британиялик тадбиркор.

Келаётган йилларда халқаро ёрдамнинг камайиши кутиларкан, афғонистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳам бугунги донорлар эртага истеъмолчига айланади, деб умид қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ