Чеченистон пойтахтига жангарилар ҳужум қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

3 декабрдан 4 декабрга ўтар кечаси қуролли жангарилар йўл-патрул хизматининг уч ходимини ўлдириб, Чеченистон пойтахти Грознийга кирганлар. Жанглар ҳали ҳам давом этаётгани хабар қилинмоқда.

Қуроллиларнинг уч автомобилда кирганлари хабар қилинган.

Грознийдаги Матбуот уйи биносига кириб яширинган жангарилар билан кечган жанг оқибатида бино буткул ёниб кул бўлган.

Жангариларнинг мактаблардан бири ичига киришгани, жанг эрталабгача тинмагани хабар қилинган.

Интернетда жангарилар видеоси пайдо бўлган.

Ўзларини “Қофқоз Амирлиги” жангчилари деб атаган жангарилар Грознийга ҳужум учун масъулиятни зиммаларига олганлар.

Шаҳарда аксилтеррор амалиёти режими жорий қилинган.

Тунда Грозний шаҳри яшовчилари портлаш ва отишма овозларини эшитганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шаҳарликларнинг айтишларича, ҳаракат тўхтаган, мактабларда дарслар бекор қилинган, одамлар уйларидан чиқишмаяпти, жамоат транспорти ҳам тўхтаган.

Грознийда одамлар орасида ваҳима тарқалган.

"Шаҳарнинг Путин, Қодиров кўчалари, Беркат бозори атрофи ёпилган. Дастлаб фақат автомат овозлари эшитилганди, кейин оғир техника овозлари ҳам қўшилди, шаҳарга танклар киритилган", дейди грознийлик журналист Казбек Вахаев Би-би-сига.

Ўз фикр-мулоҳазалари, ҳаётидаги янгиликлари билан Instagramда бўлашишни маъқул кўрадиган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грознийга кўп сондаги жангарилар бостириб кирган, деган хабарларни рад қилган.

Рамзан Қодиров ёзишича, “шаҳарда йирик терактларни амалга оширишни режалаган” етти жангари ўлдирилган.

“Улар ўраб олинганлар ва уларни йўқ қилиш бўйича амалиёт ўтказилаяпти”, деб ёзган Чеченистон раҳбари.

У Грознийда ваҳима тарқалганини инкор этган.

Рамзан Қодиров вазият жиддийлигига қарамасдан, Москвага, Путиннинг федерал парламент йиғилишида қиладиган йиллик чиқиш маросимига жўнаб кетган.

Чеченистон Миллий аксилтеррор қўмитаси Ички ишлар вазирлиги шахсий таркибида талофотлар бўлгани ҳақида маълум қилган, бироқ қурбонлар сонини ошкор қилмаган.

Айрим хабарларга кўра, камида ўн киши ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳатланган.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ишонишича, бу ҳужум кремлпараст Чеченистонга қарши бўлган кучлар мавжудлигини кўрсатиб қўйиш ҳаракати бўлган.

"Юз берган нарса - куч борлигини кўрсатишга интилиш, лекин бу ҳаракат барбод бўлди. Биз бу одамларнинг бошқа минтақалардан келган бўлишлари мумкинлигини истисно этмаймиз. Чеченистонда бунга қодир ноқонуний қуролли гуруҳ қолмаган», деб ёзган Рамзан Қодиров.

Чеченистон парламенти раҳбари Дукухава Абдураҳмонов эса ҳодисада АҚШ ва НАТО қўли борлигини тахмин қилган.

5 октябр куни ҳам Грознийда худкушлик ҳужуми содир этилган, оқибатда тўрт полиция ходими ҳалок бўлган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ