‘Диско Мулла’ нега шаккокликда айбланмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, Покистондан олинган хабарларга таянилса, у Муҳаммад пайғамбар(с.а.в) аёлларидан бирини ҳақорат қилган.

Сўз эса, саййида Ойша разийаллаҳу анҳо ҳақида кетмоқда.

Поп юлдузидан обрўли мусулмон уламосига айланган Жунайд Жамшид Ойша разийаллаҳу анҳо доимо Муҳаммад пайғамбар(с.а.в)нинг эътиборларини ўзига тортиш ҳаракатида бўлганликларини айтаркан, ҳатто, бир куни шу мақсадда ўзларини ёлғондакам хаста қилиб кўрсатганликларини ҳам иддао қилган.

Покистонлик уламонинг ушбу сўзлари акс этган видеочиқиши эса, кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қўймаган.

Мамлакатдаги сунний мусулмон гуруҳларидан бири “Сунний Теҳрик” уни “шаккоклик”да айблаб чиққан.

Бу каби айбловлар Покистонда жуда ҳассос саналади ва унда айбдор, деб топилганлар, одатда, ўлим жазосига юз тутишади.

Ҳозир бу ишга полиция аралашган ва ростдан ҳам уламо Жунайд Жамшид ўз сўзлари билан “шаккоклик” қилганми-йўқлигини текширишга тушиб кетган.

Орада аллақачон яна бир видеомурожаати орқали узр сўрашга ҳам улгурган собиқ поп юлдузининг ўзи эса, ўта анъанадор сунний мусулмон гуруҳи “Таблиғи Жамоат”дан.

“Мен ўз хатоимни тан оламан. Аммо бу сўзларни қасддан айтмаганман”, - дея узрхоҳлик қилган уламо ҳазратлари.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

“Чин кўнгилдан Аллоҳдан ва барча мусулмонлардан мени маъзур тутишларини сўрайман. Ишонинг, мен буни атайдан қилмаганман”.

Исломободда бўлган мухбиримиз Шайма Халилнинг айтишича, Жунайд Жамшид жуда обрўли ва бадавлат мусулмон уламоси бўлгани учун у билан боғлиқ ҳозирги можаролар кўпчиликни ҳайрон қолдирмай қўймаган.

Чунки Покистонда “Шаккоклик тўғрисидаги қонун”, одатда, қасд олиш ва ёки озчиликлар вакилларини нишонга олиш мақсадида қўллаб келинган.

Аммо Жунайд Жамшиднинг устидан расман шикоят аризаси билан чиққан “Сунний Теҳрик” гуруҳини бу каби узрхоҳликлар фикридан қайтара олмаган кўринади.

Гуруҳ воизи Муҳаммад Мубиннинг Би-би-си Урду Хизматига айтишича, “шаккоклик содир этиб бўлинганидан кейин, бу каби кечирим сўрашлар қонуний жараённи тўхтата олмайди”.

Диний уламолик йўлини тутмасидан аввал Жунайд Жамшид қўшиқларию мусиқий альбомлари доимо ҳит бўлиб келган машҳур “Vital Signs” мусиқий гуруҳининг аъзоси бўлган.

Исломободда бўлган бошқа бир мухбиримиз Илёс Хоннинг хабар беришича, воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида шаккокликда айбланаётган мусулмон уламоси ўзининг қаердалиги маълум эмас.

Карачи полиция идораси вакили Маҳмуд Аббоснинг айтишича, ҳозир бу иш терговчилар томонидан текширилмоқда.

“Биз энди Жунайд Жамшидни ҳибсга олишимиз лозим. Шундан сўнг, товон пули эвазига озодликка чиқадими ёки устидан тушган шикоят аризасига норозилик билдириб, маҳкамага мурожаат этадими, бу, энди, унинг ўз иши бўлади”, - деб гапига нуқта қўйган полиция зобити.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ