Ҳиндистонда ўнлаб кишилар жарроҳликдан сўнг кўрмай қолишди

Ҳиндистоннинг Панжоб штатида кўз жарроҳлик амалиётидан кейин 50 дан ортиқ инсон бутунлай ожиз бўлиб қолган.

Жабрланганларнинг ҳаммаси қашшоқ оилалардан бўлган кексалар экани хабар қилинади.

Амритсар шаҳри бош жарроҳининг Би-би-сига айтишича, мижозларнинг кўриш қобилиятини энди қайтаришнинг иложи йўқ.

Бундан бир ярим ҳафта олдин Гурдаспур туманидаги шифокорлар тиббий жамлоғда ўнлаб мижозларнинг катаракталарини олганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RAVINDER SINGH

Ҳодисадан кейинги текширувларда жарроҳлик амалиётлари маҳаллий ҳукумат рухсатисиз, ўта абгор санитария шароитларида ўтказилгани аниқланган.

Айни пайтда полиция тиббий жамлоғни ташкил қилган ва унда ишлаган жарроҳларни қидирмоқда.

Ҳиндистонда тиббий хизматга қурби етмайдиган миллионлаб қашшоқ оилалар ана шундай оғир шароитларда жарроҳлик столига ётишга мажбур бўладилар.

Ҳиндистоннинг Орисса штатида аёлларни оммавий равишда стерелизация қилиш амалиёти мобайнида аёлларнинг қорин бўшлиғини шишириш учун жарроҳ томонидан велосипед насосидан фойдаланганлиги маълум бўлганидан сўнг бу соҳадаги ҳукумат дастури тўхтатилгани айтилганди.

Ноябр ойининг бошида Чхаттисгарх штатида стерилизация амалиётидан сўнг 15 аёлнинг вафот этиши орқасидан шифокор ҳибсга олинган.

Маълум бўлишича, атиги уч соат ичида жарроҳ ва унинг ёрдамчиси яроқсиз асбоблар ёрдамида 80 дан ортиқ аёлни бичган, ҳар бир аёлга бор-йўғи бир неча дақиқа вақт сарфланган.

Харобалар яқинида омонат қурилган тиббий жамлоғларда бундай фожеалар тез-тез такрорланишига қарамасдан, ҳукумат уларнинг амал қилишини тўхтата олмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ