Миср маҳкамаси 7 шахсни ўлим жазосига ҳукм этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Мисрда маҳкама етти нафар шахсни ўлим жазосига ҳукм этди.

Улар 2013 йилда Шимолий Синайда 25 нафар полциячини ўлдиришда айбдор деб топилди.

Хабарларга кўра, гуруҳ раҳбари дея кўрилган Одил Ҳабара тергов пайтида барча айбларга иқрор бўлган.

Ҳодиса ўтган йил августида Миср чегарасига яқин Рафаҳ шаҳрида юз берганди.

Полициячилар автоуловдан туширилиб, йўл четида отиб ташланган.

Мазкур ҳодисадан бир ой аввал армия президент Муҳаммад Мурсийни ағдарган эди.

Одил Ҳабарага иккинчи бор ўлим жазоси чиқарилмоқда.

У 2004 ва 2006 йилларда Таба ва Дараб шаҳарларида бомба ҳужумларини содир этишда айбдор деб топилган.

Миср хавфсизлик кучлари Шимолий Синайда бир йилдан буён жангариларга қарши амалиётлар ўтказаётир.

Тўқнашувларда юзлаб аскар ва полициячилар ҳалок бўлган, юзлаб инсонлар ҳибсга олинган.

Шу ҳафта бошида айни минтақада полиция аксилҳукумат намойишларини куч билан тарқатиб юборганди.