Халқаро Амнести: Исроилнинг Ғазодаги биноларга ҳужуми 'уруш жиноятидир'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Халқаро Амнести ташкилоти ёзги ихтилофлар чоғи Исроил тарафидан Ғазодаги тўртта баланд қаватли бинонинг нишонга олинишини "уруш жинояти"га тенглаштирган.

Инсон ҳақлари гуруҳи қўлга киритган далиллар бинолар "атайин вайрон этилгани ва бунга ҳарбий оқлов йўқ"лигини кўрсатган.

Ташкилот мазкур амаллар юзасидан мустақил ва холис текширувлар бошланишига чақирган.

Исроил эса, ҳисоботда асоссиз айбловлар акс этгани ва Ҳамаснинг "бундай бинолардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиши" эътибордан четда қолганини айтган.

Лондондаги Исроил элчихонаси чиқарган баёнотга кўра, Амнести Фаластин тарафдан Исроил аҳолисига қарши уюштирилган ракета ҳужумларига оид текширувлар олиб бориши лозим эди.

Ўтган ёз Ғазода кетган қарама-қаршиликлар чоғи камида 2, 189 фаластинлик нобуд бўлган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг 1, 486 нафари оддий одамлардир. Шунингдек, БМТнинг айтишича, 11, 000 инсон тан жароҳати олган.

Исроил тарафда эса, 67 аскар ва аҳоли орасидан 6 киши ҳаётдан кўз юмган, муайян сонда яраланганлар бор.

"Оқлов йўқ"

Оташкесим кучга киришига 4 кун қолганда Исроил қирувчи учоқлари Рафаҳдаги 4 бинога йирик бомбалар ташлаганди.

Халқаро Амнести ташкилоти 4 ҳолатда ҳам бирон бир киши ўлдирилмаганини эътироф этади. Аммо, бир қатор инсонлар тан жароҳати олишган ва юзлаб одамлар уй-жойлари, бизнеслари ҳамда мулкларидан айрилишган

Ташкилотнинг айтишича, Исроил ҳукумати бинолар нима учун вайрон этилгани юзасидан айтарли тушунтириш бермаган. Фақат мазкур турар-жойлардан бирида Ҳамаснинг бошқарув маркази жойлашгани, бошқасида эса, "фаластинлик жангариларга алоқадор иншоотлар" бўлгани қайд этилган.

"Барча далиллар ушбу кенг кўламли вайронагарчиликлар атайин ва ҳарбий асосларсиз амалга оширилганини кўрсатади", дейди Халқаро Амнести ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича бўлими директори Филип Лутер.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ