Фаластин вазири исроилликлар билан тўқнашувда ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ишғол остида бўлган Ғарбий Соҳилдаги норозилик чиқиши чоғи Исроил қўшинлари билан тўқнашган Фаластин вазирларидан Зиад Абу Ийн ҳаётдан кўз юмган.

Вазирнинг ўлими Исроил ва Фаластин ўртасидаги танглик кучаяётган бир пайтда кузатилмоқда.

Эълон қилинган видеода 46 ёшли сиёсатчи кўксини чангаллаб ерга йиқилгани муҳрланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Гувоҳларнинг айтишича, Зиад Абу Ийн кўздан ёш оқизувчи газ идиши билан зарба олган.

Бошқаларга кўра эса, у Исроил аскарлари томонидан силталанган ва калтакланган.

Айтилишича, Зиад Абу Ийн хаста бўлган, ҳодиса унинг ўлимини тезлаштирган.

Фаластин мухторияти Президенти Маҳмуд Аббос унинг ўлимини "ёввойилик" деб атади.

Зиад Абу Ийн Фаластин парламентида Ғарбий қирғоқда қурилаётган Исроил маҳаллалари масаласи билан шуғулланиб келган.

"Исроилнинг Ғазодаги нишонлари "уруш жиноят"лари"

Бир кун олдин Халқаро Амнести ташкилоти ёзги ихтилофлар чоғи Исроил тарафидан Ғазодаги тўртта баланд қаватли бинонинг нишонга олинишини "уруш жинояти"га тенглаштирганди.

Инсон ҳақлари гуруҳи қўлга киритган далиллар бинолар "атайин вайрон этилгани ва бунга ҳарбий оқлов йўқ"лигини кўрсатган.

Ташкилот мазкур амаллар юзасидан мустақил ва холис текширувлар бошланишига чақирган.

Исроил эса, ҳисоботда асоссиз айбловлар акс этгани ва Ҳамаснинг "бундай бинолардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиши" эътибордан четда қолганини айтган.

Лондондаги Исроил элчихонаси чиқарган баёнотга кўра, Амнести Фаластин тарафдан Исроил аҳолисига қарши уюштирилган ракета ҳужумларига оид текширувлар олиб бориши лозим эди.

Ўтган ёз Ғазода кетган қарама-қаршиликлар чоғи камида 2, 189 фаластинлик нобуд бўлган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг 1, 486 нафари оддий одамлардир. Шунингдек, БМТнинг айтишича, 11, 000 инсон тан жароҳати олган.

Исроил тарафда эса, 67 аскар ва аҳоли орасидан 6 киши ҳаётдан кўз юмган. Исроил ўз ҳаракатларини Ғазодаги "Ҳамас" гуруҳига қаратилган деб оқлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002