'Ал-Қоида'нинг Осиёдаги лидерларидан бири қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Хабарларга кўра, Покистон полицияси Шaҳид Усмонни пайшанба куни тунда яна тўрт нафар шахс билан бирга жанубий Карачи шаҳрида ҳибсга олган.

Бешовлонни қўлга олиш жараёнида қурол-яроғ ва 10 кг портловчи моддани ҳам мусодара қилган.

Полиция мулозимларига кўра, 35 ёшлар атрофида бўлган Шaҳид Усмон "ал-Қоида" тармоғининг Карачи шаҳридаги қанотига раҳбарлик қилган.

Аҳолиси қарийб 20 миллион бўлган бу шаҳарда кўплаб ҳужумларни уюштириш режасида бўлган.

Бу ҳақда Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлигига Покистон полициясининг Аксилтеррор бўлими юқори мартабали мулозими билдирган.

"Шaҳид Усмон "ал-Қоида" тармоғининг Карачи шаҳридаги лидери бўлган. Тармоқнинг яқинда ташкил қилинган Жанубий Осиё бўлими раҳбари Осим Умар қўл остида ишлаган", - деб айтган мулозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз исм-шарифини айтмасликни маъқул деб топган бу мулозимга кўра, Шaҳид Усмон шаҳарнинг бой мавзеъларидан бирида яшаган.

Карачининг энг қиммат ва ҳашаматли савдо марказларидан бирида, ҳатто, автомобиллар савдоси билан ҳам шуғулланган.

Покистонлик мулозимнинг айтишича, "аксарият ҳарбийлардан фарқли тарзда, Шaҳид Усмоннинг келиб чиқиши ҳам бойлардан бўлган".

Агар, расмий хабарларга таянилса, Шaҳид Усмон бундан аввал Покистонда фаолияти расман тақиқланган "Ҳаракат-ул-Жиҳод-ал-Исломий" жангари гуруҳи билан алоқадорликда ҳам кўрилган.

Ушбу жангари гуруҳ раҳбари бўлган Илёс Кашмирий эса, 2011 йилда Афғонистон билан чегарага яқин ерда америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилганди.

Покистонлик полиция мулозимларига кўра, Шaҳид Усмон Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлган.

"Ал-Қоида" тармоғи ўзининг Жанубий Осиёдаги қанотига асос солганини расман шу йил сентябр ойида эълон қилганди.

Тармоқ раҳбари Аймон аз-Завоҳирий эса, 400 миллиондан ортиқ мусулмон яшаши айтилувчи бу ҳудудда ҳам жиҳод ғоясини ёйишга ваъда берганди.

Таҳлилчиларга кўра, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан оммавий сафарбарлигидан фойдаланиб, тармоқ ўзининг янги қаноти ёрдамида минтақада таъсирини яна кучайтирмоқчи.

Ўзининг шафқатсиз жанг олиб бориш услуби сабаб, тармоқ сафларидан чиқариб юборилган Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат" гуруҳининг йўлига ғов бўлмоқчи.

Чунки бундан аввал покистонлик ҳарбийлар "Исломий Давлат"нинг вакиллари минтақада алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатида эканликларини айтиб чиқишганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Шaҳид Усмоннинг ҳибсга олиниши шу ой бошида Покистонда "ал-Қоида" тармоғининг икки юқори мартабали қўмондони ўлдирилиши ортидан кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ